«Ўзбекистон» телеканали «Беморга хиёнат» кўрсатуви орқали Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг Самарқанд вилояти филиалида содир бўлаётган порахўрлик, мансабни суистеъмол қилиш, бюджет маблағини ўғирлаш сингари қоидабузарликларни очиб берди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Кўрсатувда бепул тиббий ёрдам кўрсатиши лозим бўлган филиалнинг бу қоидага риоя қилмаслиги, ташхис ва текширув ишларининг тўлиқ олиб борилмаётгани, шифокорлар беморларнинг мурожаатига эътиборсизлик ва қўполлик билан жавоб бераётгани далиллар билан исботлаб берилган.
Жумладан, 2013—2014 йилларда биринчи жарроҳлик бўлимида 16 та ўлим ҳолати қайд этилиб, улардан тўрттасигина патологоанатомик текширувдан ўтган. Сўнгги уч йилда 180 дан зиёд мижоз бир хил ташхис асосида операция қилинган.
Шунингдек, филиалда рўйхатга олиш жараёни сохталаштирилган. Беморлар шифохона томонидан дорилар билан таъминланмай, уларни сотиб олишга мажбур бўлган.
Мухбирлар болалар реанимация бўлимининг таъмирлаш ишларига муҳтожлиги, жиҳозларнинг етарли эмаслиги, хусусан, икки боланинг битта кислород ёстиқчасидан фойдаланаётганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, филиалдаги ишдан чиққан тиббий қурилмалар билан биргаликда, ишлатиш муддати 1991 йилгача (баъзилари 1978 йилгача) бўлган дори-дармон ва жиҳозлар, айрим ходимларнинг хоналаридан эса ҳужжати бўлмаган бир неча ўнлаб тиббий асбоблар топилган.
Маълум бўлишича, бемор қабул қилишда, уни текшириш ва тегишли шифокорга йўлланма беришда порахўрлик кенг авж олиб, маблағнинг ярмини қабулхона мудири олган. Ходимларнинг сўзларига кўра, шифохона ҳаражатлари учун тез-тез пул йиғиб турилган.
Кўрсатувда, шунингдек, керакли шарт-шароит яратилмагани боис беморлар ва уларнинг қариндошлари ҳовлида ер ва ўт-ўланда ўтиргани, ичкарида эса жой етарли бўлмагани учун тургани ёки чўккалаб ўтиргани намойиш этилган.
2013 йилда бинони таъмирлаш ишлари учун филиал маъмурияти кўзда тутилгандан 84 миллион сўмдан кўп маблағ сарф қилганига қарамай, у қониқарли аҳволда эмас. Мухбирлар электр энергиянинг узилиб қолиши, шу сабабли сув берилмаслиги, операциялар чироқсиз амалга оширилаётгани каби бир қатор муаммоларга дуч келган.
Изоҳ (0)