Американинг Microsoft компанияси 2015 йил 13 январдан бошлаб Windows 7 операцион тизими базасига техник ёрдам кўрсатишни тўхтатади. Бу ҳақда компания ахборотига асосланиб, ИТАР-ТАСС хабар берди.
Буюк Британиянинг Digital Spy портали маълумот беришича, 2015 йил 13 январдан 2020 йилгача тизимнинг хавфсизлиги билан боғлиқ бепул янгилаш ўрнатмалари ҳамда пулли тузатиш ишларини қамраб олувчи беш йиллик техник кўмак бошланади.
Шунингдек, Microsoft компанияси ўзининг яна бир неча маҳсулоти, хусусан, Windows Server 2008, Windows Phone 7.8, Windows Storage Server 2008, Exchange Server 2010 ва Dynamics каби тизимлар учун ҳам техник кўмакни амалга оширади.
2014 йил 8 апрелда Windows XP операцион тизими ва Office 2003 офис дастурлари пакети техник ёрдами тўхтатилган эди.
AppSense таҳлил гуруҳи маълумотларига кўра, Microsoft компаниясининг 12 йиллик Windows XP тизими жорий йилнинг март ойида Буюк Британия компанияларида ишлатилаётган компьютерларнинг 77 фоизида фойдаланишда бўлган. Reuters эса март ойида дунёдаги 95 фоиз банкоматлар Windows XP асосида ишлаётганини хабар қилган.
Мутахассислар фикрича, Windows XP тизимидан Windows 7’га ўтиш учун Буюк Британиянинг ҳар бир банки 50—60 миллион фунт стерлинг (83—99 миллион доллар) ажратиши керак.
Изоҳ (0)