Фуқаролик ишлари бўйича Олма-Ота суди «Аниз адам» («Афсонавий шахс») журналининг бош муҳаррири Жарилкап Калибайга фахрийлар шикояти бўйича 13 миллион тенге (тахминан 70 минг доллар) тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар берди.
Гап шундаки, журналнинг апрель сони Адольф Гитлернинг 125 йиллигига бағишланган эди. Суд қарори бўйича Калибай омма олдида узр сўраши керак эди, бироқ у бундай ҳукмга рози бўлмади ва шикоят аризаси беришини айтди.
Журналнинг шов-шувга сабаб бўлган сонига «Гитлер фашист эмас» мақоласи киритилган бўлиб, унда фашистлар раҳнамоси оқланган. Яна бир мақола эса Гитлернинг «Майн кампф» китобига бағишланган. Журналда китобдаги кўпгина муаммолар тўғри очиб берилгани таъкидланган.
Ушбу сонга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдириб, бундай нашр номақбул эканини таъкидлаган. Алоқа ва ахборот миллий агентлиги шов-шувли сонда республика конституцияси ва қонунчилигидаги ижтимоий, миллий, ирқий ёки диний зидликни авж олдириш қисмини бузиш аломатлари борлиги ҳақида баёнот берган.
21 апрель куни Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари журналнинг Гитлер ҳақидаги сонини ёқиб юборишди ва ҳокимиятга мурожаат қилиб, нашр лицензиясини олиб қўйишни сўрашди. Улар «Аниз адам» бош муҳарририни жиноий жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилишди.
Жарилкап Калибайнинг ўзи эса барча даъволарни рад этиб, у шунчаки, Гитлер каби шахслардан етиши мумкин бўлган хавфларни кўрсатмоқчи бўлганини айтди.
Изоҳ (0)