23 июнь, душанба куни АҚШ президенти Барак Обама Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда бўлди. Мазкур мулоқот давомида Обама Путинни Украинада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга чақирди. Акс ҳолда, Путин янги иқтисодий санкцияларга юз тутиши ҳақида огоҳлантирилди, дея хабар берди The Washington Times Оқ уйдан олинган маълумотга асосланиб.
Ушбу мулоқотдан асосий мақсад Украинанинг шарқий қисмидаги россияпараст айирмачилар устидан президент Путиннинг «шахсан таъсири»ни кўриш ҳамда минтақадаги зўравонлик ва беқарорликни тўхтатиш бўлди.
Оқ уй янги президент Пётр Порошенконинг Украинада тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Президент Порошенко мамлакатдаги вазиятни ҳал қилиш, тинчлик ва хавфсизликни қайта таъминлаш учун жон-жаҳди билан киришгани кўриниб турибди, — деди Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест, — Буни амалга ошириш учун эса бизга президент Путин билан ҳамкорлик керак бўлади».
Изоҳ (0)