Босния ва Герцеговинада Ален Папач исмли киши операциядан сўнг ошқозонида қайчини унутиб қолдирган шифокорларни судга берди. Бу ҳақда Croatian Times хабар берди. Папач ошқозонидаги оғриқ туфайли рентген текширувидан ўтганидагина бундан хабар топди.
Қайчи кишининг танасида тўққиз йил қолиб кетган. У бундан икки йил аввал олиб ташланган бўлса-да, шифокорлар хатосидан жабрланган эркак касалхонадан товон пули ололганича йўқ, энди у тиббиёт муассасаси билан судлашишга қарор қилди.
38 ёшли Папач 2003 йилда ошқозон ярасидан азоб чеккани туфайли жарроҳликни бошидан ўтказган. Бироқ шундан кейин меъдасида чидаб бўлмайдиган оғриқлар пайдо бўлган. Охири яна докторларга мурожаат қилган. Рентген текшируви ошқозонида 12 сантиметрли қайчи борлигини кўрсатгач, яна жарроҳлик столига ётган.
Касалхонадан чиққач, унга қайчи «ҳадя қилган» клиникага қайтиб борган ва товон пули талаб қилган. Унга пул тугул, расмий узрни ҳам насия қилишган, шу сабабли Папач судга мурожаат қилган. Воқеадан хабар топган маҳаллий ОАВ клиника раҳбарияти билан боғланган, бироқ улар изоҳ беришдан бош тортиб, судда иш кўрилиши бошланганини тасдиқлаш билан чекланишган.
Изоҳ (0)