Футбол бўйича Ўзбекистон XXIII миллий чемпионати олий лигасининг олтинчи тур ўйинлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мусобақа жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турган Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси олтинчи турда ҳам уч очкони қўлга киритди. Самарқандда «Динамо»меҳмони бўлган пойтахтлик футболчилар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, очколарини 18 тага етказиб олди.
Кескин ва муросасиз кечган учрашувнинг дастлабки бўлимида ҳисоб очилмади. 76-дақиқада Игор Сергеев самарқандликлар дарвозасига гол киритди. Орадан 12 дақиқа ўтиб Зайниддин Тожиев ҳисобни тенглаштирган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада Егор Кримец «Пахтакор»га ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Амалдаги чемпион – «Бунёдкор» сафарда «Бухоро» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. «Локомотив» ўз майдонида «Андижон» дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритди.
«Навбаҳор» (Наманган) ва «Сўғдиёна» (Жиззах) ўртасидаги баҳсда 4:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, «Қизилқум» (Навоий)ни қабул қилган «Олмалиқ» жамоаси 1:0 ҳисобидаги ғалабасини нишонлади.
«Насаф» (Қарши) ва «Металлург» (Бекобод) ҳамда «Нефтчи»(Фарғона) ва «Машъал»(Муборак) учрашувларида ҳисоб очилмади.
Изоҳ (0)