Daryo

Андижонда дарс вақтида ўқувчи ўз ўқитувчисига мушт туширди (видео)

Бола ҳолат ҳақида айтиб бериб, ўзини ҳимоя қилганини таъкидлади

2 дақиқа ўқиш48 397 кўришлар0 изоҳ0

Андижон вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчи ўз ўқитувчисига мушт туширди. Бу ҳақда “Бу кун” дастурида хабар берилди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, бундан бир ой аввал Андижон туманидаги умумтаълим мактабида 10-синфдаги дарс вақтида ўқувчи ва ўқитувчи иштирокида жанжал содир бўлган. Тортишув иштирокчилари жаримага тортилган.

“Сақични бер деганда, оғзимда сақич йўқ, хоҳласанг келиб ол деган. Келиб олганда худди ураётгандек бўлган. Кейин ўқувчи муштлаб урган. Воқеадан кейин яраштирув бўлган. Бу иш судгаям чиқарилган”, дейди мактаб масъули.

Воқеа иштирокчиси бўлган бола эса ўқитувчи уни ҳақоратлаганини таъкидламоқда.

“Менга сақичинг борми, деди. Йўқ, десам топиб олсам у қиламан, бу қиламан деб ҳақорат қилишни бошлади. Бўпти топиб олаверинг, десам келиб менга ташланяпти. Мен ўзимни ҳимоя қилдим. Менга икки марта шапалоқ урди. Ўрнимдан турсам, яна 2 марта шапалоқ уряпти. Ошналаримнинг олдида, ҳамманинг олдида уриб ташлаяпти”, дейди ўқувчи бола.

Ўқитувчига нисбатан ҳайфсан берилган.

Мактабдаги жанжаллар

Аввалроқ Сирдарёда ўқитувчи 1-синф ўқувчисини қўлига игна санчиш билан жазолангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Суриштирув давомида юқоридаги ҳолат тасдиғини топмаган. 

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги мактабда ўқитувчи 5-синф ўқувчисини уриб жароҳатлади. Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ёқалашгани тасвирлари тарқалди. Алгебра фани ўқитувчиси ва 10-синф ўқувчиси бўлган икки қиз ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, оғзаки тортишиб қолган. Уларнинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун судга берилган.

Тошкентдаги мактабда аёл дастлабки иш кунида ўқувчини калтаклагани ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аёл жазоланиб, мактаб директори ишдан олинганди.

Танганинг иккинчи томони: ўқитувчига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари

2024 йилнинг октябрида Сирдарё туманидаги 2-мактабда икки ўқувчи қиз ўқитувчини урганди. Ўша йилнинг апрелида Фарғонада мактаб ўқитувчиси ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланганди. 2023 йилнинг майида Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчисининг онаси томонидан калтакланганди. Сентябрь ойида Сурхондарёда мактаб директори ўқитувчининг яқин қариндошлари томонидан калтакланганди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга қилмишидан келиб чиққан ҳолда жазо чоралари кўрилган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар