Daryo

Ўзбекистонда мактаб таълими: 35 йилда нималар ўзгарди?

Давлат мустақиллигининг 35 йили ортда қолди. Ўтган даврда бошқа соҳалар қатори таълимда ҳам сезиларли ўзгаришлар қилинди. Ҳудудларда янги мактаблар қурилиб, ўқув тизимига замонавий дастурлар жорий этилди. Мақолада сўнгги 35 йил ичида мактаб таълими қандай босқичларни босиб ўтгани, ўқув дастурлари ва инфратузилмадаги ўзгаришлар тўғрисида сўз боради.

6 дақиқа ўқиш9 721 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистон собиқ Совет иттифоқидан мустақил бўлганига 35 йил тўлди. Бу даврда бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам қатор ўзгаришлар қилинди. Мактаблар қурилди, таълим мазмуни ва сифатини яхшилаш бўйича янги дастурлар жорий этилди. Бироқ бир савол очиқ: ўқувчилар олаётган таълим сифати реал ҳаёт талабларига қанчалик мос келмоқда? Мустақиллик бўсағасидаги ва бугунги мактабларнинг фарқи нимада?

Мактаблар ва ўқувчилар сонидаги фарқлар

Республикада 35 йил ичида аҳоли кўпайиши баробарида мактаблар ва ўқувчилар сони ҳам ўсди. Масалан, 1990-1991 йилларда Ўзбекистонда 8,5 мингта мактаб фаолият юритган. Уларда жами 4,7 миллион ўқувчи таълим олган.

2026 йил бошига келиб мамлакатдаги жами мактаблар сони 10 193 тага етди. Бу ўтган 35 йиллик даврнинг ҳар бир йилида ўртача 48 та мактаб қурилганини англатади. Ҳозирда мактаб ўқувчилари сони 6,4 миллион нафарни ташкил этмоқда. Ўқувчилар мустақиллик даврида 1,7 миллион нафарга ортган бўлса, йилига ўртача 48,5 минг нафардан кўпайиб борган.

Инфографика: “Дарё”/Асадбек Бердиёров

Аҳолининг жадал ўсиши фонида янги мактаблар қурилиши ўқувчилар сонининг ортиш суръатидан ортда қолаётганини тахмин қилиш мумкин. Чунки 1990-1991 йилларда жами ўқувчиларнинг 1,2 миллион нафари ёки 26,1 фоизи икки ва уч сменада ўқиган. Бугун эса 60 фоиздан ортиқ болалар икки сменада ўқимоқда. Мамлакатдаги мактабларда беш миллиондан зиёд ўқувчи ўрни мавжуд. Яъни бир миллиондан ортиқ ўқувчи учун ўринлар етишмайди.

Фото: “Дарё” / Асадбек Бердиёров

Сиёсатнинг таълимга таъсири

Совет давридаги Ўзбекистон таълим тизимининг ҳозиргидан фундаментал ажралиб турадиган жиҳати — аввал тизим коммунистик мафкура асосида ишлаган. Ўқув дастурларига сиёсий ғоялар сингдирилган, айтайлик тарих, сиёсатшунослик, адабиёт фанларида совет идеологияси етакчи ўрин эгаллаган.

Мустақилликдан кейин давлат бошқарувида маълум ўзгаришлар юз берди. Табиийки, бу жараён таълимга ҳам таъсир кўрсатди. Тизимни ривожлантириш бўйича янги дастурлар ишлаб чиқилди, дарсликлар янгиланиб бормоқда.

Тошкент шаҳридаги 17-мактаб ўқувчилари, 1979 йил
Фото: mytashkent.uz

Таълим босқичларидаги ўзгаришлар

Мустақилликдан аввалги бир неча ўн йиллик даврларда мактаб таълими 7, 8 ва 10 йилни ташкил этган. 1992 йил 2 июлда “Таълим тўғрисидаги” қонун қабул қилинди. Ҳужжат асосида умумий ўрта таълим уч босқичдан: бошланғич таълим 1-4 синфлар, таянч таълим 5-9-синфлар, ўрта таълим 10-11 синфлардан иборатлиги белгилаб қўйилди.

1997 йилда қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”га биноан, тўққиз йиллик умумий ўрта ҳамда уч йиллик ўрта махсус касб-ҳунар таълими жорий этилди. Дастур асосида таълим қуйидаги турларга бўлинган:

  • мактабгача таълим;
  • умумий ўрта таълим;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;
  • олий таълим;
  • олий ўқув юртидан кейинги таълим;
  • кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
  • мактабдан ташқари таълим.
Дастурда ёзилишича, 1997 йилгача мамлакатдаги ўқув жараёни билим даражаси ўртача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган бўлган. Ўқув дастурлари 1997 йилда ҳам совет мафкуравий сарқитларидан тўлиқ ҳоли эмаслиги қайд этилган.
Зомин туманидаги мактаб ўқувчилари, 2021 йил
Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

2017/18 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизими қайта тикланди. Бу масала жамоатчилик, ота-оналар ва 9-синфлар битирувчилари томонидан кенг қўллаб-қувватлангани маълум қилинган.

2019 йилдан республикада янги турдаги президент ва ихтисослаштирилган мактаблар очила бошлади. 3 120 та ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Шу билан оддий умумтаълим мактаблари билан бирга билими ва қобилияти нисбатан кучли ёшларни алоҳида тарбиялашга асосланган таълим даргоҳлари очилди. Ўз навбатида хусусий мактаблар фаолияти кенгайди. 

Фото: “Дарё” / Азизжон Эрматов

Ҳозирда 40 фоиздан ортиқ мактаблар аввалгидек бўрда ёзиладиган эмас, балки электрон доскалар билан таъминланган. Кўплаб синфхоналарни компьютерлар билан жиҳозланган, рақамли таълим ҳам ривожланиш босқичида.

Замонавий мактаб ўқувчилари, 2022 йил
Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Дарсликлар сони ортди

Мустақилликнинг илк йиллари — 1991–1995 йилларда Ўзбекистонда 164 номдаги мактаб дарсликлари нашр қилинган. Жумладан, 44 номдаги мутлақо янги дарслик, 21 номдаги муқобил дарсликлар яратилган.

2023 йилга келиб, мамлакатда илғор хорижий тажрибалар асосида бошланғич синфлар учун 775 номда яратилган янги авлод дарслик мажмуалари 72 миллион нусхада чоп этила бошланган. Дарсликларга қўшимча равишда ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва мултимедиа иловалари яратилган. Ўзбекистон мактаб таълимида илк маротаба хориждан энг яхши ўқув адабиётларини мактаблар учун адаптация қилиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Масалан, 2023/24 йилидан бошлаб ўқувчилар 1-11-синфларда инглиз тили дарсликлари ва методикаси бўйича ўқитила бошланган. USAID халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа доирасида жами 46 номдаги ўқув адабиётлари Ўзбекистонга мослаштирилган, таржима қилинган ва тажриба-синовдан ўтказилган.

Мактаб дарсликлари
Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Аввалги ва ҳозирги мактаб вазирлари

Ўтган 35 йил давомида халқ таълими тизимини ўндан ортиқ вазир бошқарди. Улар орасида лавозимида энг узоқ қолган шахс Жўра Йўлдошев бўлган. Жўра Йўлдошев тизимга 1991 йилдан – 2000 йилгача (тўққиз йил) раҳбарлик қилган. Бошқа вазирлар асосан уч йилдан беш йилгача, айримлари бир йил мазкур лавозимда фаолият олиб борди.

Жўра Йўлдошевдан кейинги халқ таълими вазири Рисобой Жўраев бўлган (2000 йил 11 август — 2004 йил 7 май).
Учинчи вазир Туропжон Жўраев ҳисобланиб, тизимни 2004 йил 7 майдан 2008 йил-26 мартгача бошқарган. Қолган вазирлар ва уларнинг бошқарув йиллари қуйидагича:

  • Ғайрат Шоумаров, 2008 йил 28 апрель — 2010 йил 26 февраль;
  • Авазжон Мараҳимов, 2010 йил 2 март — 2011 йил 30 июнь;
  • Темур Ширинов, 2011 йил 4 июль — 2013 йил 7 февраль;
  • Улуғбек Иноятов, 2013 йил 7 февраль — 2018 йил 20 июнь;
  • Шерзод Шерматов, 2018 йил 20 июнь — 2021 йил 17 ноябрь;
  • Бахтиёр Саидов, 2021 йил 17 ноябрь – 2022 йил 30 декабрь;
  • Ҳилола Умарова, 2022 йил 30 декабрь – 2025 йил 14 июль.
Ҳозирда вазирлик номи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлиб, тизимни Эъзоза Каримова 2025 йил 14 июлдан бери бошқариб келмоқда.
Эъзоза Каримова
Фото: “Дарё” / Фаррух Алиев

Таълим сифати долзарблигича қолган

Гарчи 35 йил давомида тизимда қатор ўзгаришлар қилинган бўлса-да, барча болаларга сифатли таълим бериляпти, дейишга ҳали эрта. Буни олийгоҳга кириш учун ўзига ўқитилган дарсликларни такроран ёдлаш учун репетиторга қатнаётган, PISA имтиҳонидан паст баҳо олган ёки университетга ўқишга кириш учун минимал балл ҳам тўплолмаган болалар улуши кўплигидан ҳам англаш мумкин. Яъни мактабдаги таълим етарли даражада яхши ўзлаштирилмаётгани айтилади.

Ўз навбатида сифатли таълим берадиган профессионал педагогларни ҳам етарли деб бўлмайди. Масалан, 2022 йил январдаги йиғилишда президент 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқлигини айтганди.

2026 йил I ярмида Ўзбекистонда ўртача номинал ойлик иш ҳақи миқдори 7,1 миллион сўмга етди. Бироқ таълим соҳаси вакилларининг ўртача маоши 5 миллион сўмга ҳам етмаган. Яъни аксарият ўқитувчилар ойлиги ҳали республикадаги ўртача иш ҳақи миқдоридан кам. Табиийки, соҳа ривожи ва ёшларни таълим бўйича етук кадр сифатида шаклланишида моддий манфаатнинг ҳам ўз ўрни бор.

Ўзбекистонда 2030 йилгача таълим сифатини тубдан ошириш мақсад қилинган. Хусусан, мамлакатни PISA халқаро баҳолаш дастурида дунёнинг энг яхши 30 та давлати қаторига киритиш вазифаси белгиланган. Таълим тизимида инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам катта режалар мавжуд. Мисол учун, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилгача умумий ўрта таълим мактабларининг электрон доскалар билан таъминланишини 100 фоизга етказиш, олий маълумотли педагоглар улушини 99 фоизга чиқариш мақсад қилинган.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар