“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгани тўғрисида хабар берилганди. Парламент қуйи палатасининг 25 июнь кунги йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқади.
Қонун лойиҳаси билан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.
Мазкур шахслар томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.
Мунозаралар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, юртимизда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилаёгани, тегишли ўзгариш кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)