Покистонда Ҳиндистонга қарши кенг кўламли уруш бошлашдан бошқа чора қолмади. Бу ҳақда Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф маълум қилди.
“Урушдан бошқа чорамиз йўқ. Биз уларга ҳам худди шундай қадам билан жавоб беришимиз керак”, деди вазир Покистон телеканалларидан бирига берган интервьюсида.
Журналистнинг “Уруш бўлиши аниқми”, деган саволига мудофаа вазири “Албатта, бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас”, деб жавоб берди.
8 май куни Покистон ва Ҳиндистон замонавий авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангни ўтказгани хабар берилганди.
25 та жанговар самолёт тахминан бир соатдан ортиқ ўзаро кураш олиб борган. Шунга қарамай, ҳеч бир томон ўз ҳаво ҳудудини тарк этмаган, баъзи ракета зарбалари эса 160 километрдан ортиқ масофадан амалга оширилган.
Покистон хавфсизлик хизматининг CNN билан суҳбатлашган юқори мартабали вакили 2019 йилдан сўнг томонлар бир-бирининг ҳаво ҳудудига нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндаша бошлаганини билдирган. Ўшанда покистонлик учувчи ҳиндларнинг МиГ-21 қирувчисини уриб туширганди.
“Шундан бери ҳеч ким яна таҳқирланишни хоҳламайди”, дейди CNN манбаси.
Айни шу боис бу сафарги жангда ҳам томонлар ўз ҳаво ҳудудидан чиқмай ҳаракат қилиб, узоқ масофадан “ҳаво-ҳаво“ ракеталари учириш билан чекланган.
Изоҳ (0)