Моделларнинг мукаммал танаси фотошоп ёки генлар эмас, балки интизом натижасидир. Уларнинг куни пухта режалаштирилган нонушта, қомат ҳамда қувватни сақлаб туришга ёрдам берадиган машғулотлар билан бошланади.
Жизел Бюндхен: смузи, авокадо ва йога билан бошланадиган тонг
Жизел Бюндхен — мода оламини кузатиб борадиган ҳар бир кишига таниш исм. Жизелнинг нонуштаси оддий, аммо фойдали: кўкатли смузи ва авокадоли тост. Енгил, витаминларга бой ва тўйимли бўлган бу нонушта танага оғирлик қилмайди.
Фойдали нонуштадан ташқари, моделнинг қоматини тетик сақлашга ва куч-қувватини тўлдиришга ёрдам берадиган яна бир одати бор — йога. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Жизел йога ва медитация ёрдамида Том Бреди билан ажрашганидан кейинги оғир даврни енгиб ўтиб, янада кучлироқ ва бахтлироқ бўлганини айтган. Жизел ҳар қандай қийинчилик шунчаки синов эмас, балки ўзгариш учун имконият эканлигини англаб етди.
Белла Ҳадид: сосискали қуймоқ ва машқлар
Белла Ҳадид энг машҳур ва талабгир моделлардан бири ҳисобланади. Унинг ташқи нафосати ортида ўз устида қилган улкан меҳнати ва соғлиғига бўлган эътибори ётади. Вақти бўлганда, тўйимли нонуштадан воз кечмайди. “Эрталаб бўш вақтим бўлса, тўйиб нонушта қилишни маъқул кўраман”, дейди Белла. Энг яхшиси сосиска ва қайнатилган тухум, аммо вақт зиқ бўлганда тезроқ тайёрланадиган вариантга кўнади: тухумли бутерброд.
Айнан шундай эрталабки таом Белланинг кун давомида тетик юришига ёрдам беради. Тўйимли нонуштадан сўнг Белла шахсий мураббийи билан машқ қиладиган спорт залига йўл олади. Унинг дастурида куч ва юрак-қон томир тизимини ривожлантирувчи машқлар уйғунлашган. Булар мушаклар тонусини сақлашга ва ортиқча калорияларни ёқишга ёрдам беради. Машғулотлар унинг ҳаёт тарзининг ажралмас қисми бўлиб, нафақат кундалик ҳаётда, балки подиумда ҳам ўзига ишонч бағишлайди.
Кая Гербер: сули бўтқаси, пилатес ва оилавий сайр
Афсонавий Синди Кроуфорднинг қизи Кайя Гербер онасининг моделлик кўринишини мерос қилиб олган бўлса-да, барибир соғлиғи ва жисмоний ҳолатини диққат билан назорат қилиб боради. Кайянинг нонуштаси мазали ва фойдали таомларни қандай уйғунлаштириш мумкинлигига мисол бўлади. Одатда унинг тонги резавор мевалар қўшилган сули бўтқаси ва бир пиёла чой билан бошланади.
Эрталабки овқатланишдан сўнг Кайя пилатесга боради ёки чўзилиш машқларини бажаради. Бу машғулотлар унга мукаммал қадди-қоматни сақлаш, эгилувчанликни ошириш ва мушакларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Пилатес, шунингдек, координацияни яхшилайди, бу унинг касби учун жуда муҳим — суратга олиш ва подиумда нафақат бенуқсон кўриниш, балки ўзини ишончли ҳис қилиш ҳам муҳимдир.
Кайя ўзининг сермазмун фаолиятига қарамай, ҳатто дам олиш кунларида ҳам жисмоний фаолликдан воз кечмайди. Деярли ҳар бир дам олиш кунининг тонги оила аъзолари билан бирга пляжда велосипед минишдан бошланади. Унинг учун бу куч-қувватини тиклаш ва яқинлари билан алоқасини мустаҳкамлашнинг энг яхши усули ҳисобланади.
Адриана Лима: оқсилли коктейл ва бокс
Адриана Лима ҳам дунёнинг энг машҳур моделларидан бири. У учун эрталабки нонушта муҳим ҳисобланади. Мевали оқсил коктейли унга машғулотлардан кейин тез тикланиш учун зарур бўлган барча нарсани беради.
Адриана жисмоний юкламалардан қўрқмайдиган аёллардан. “Мен югуриш, сузиш, йога ва велосипед тренажёрини ўрганишга ҳаракат қилдим, аммо ҳар сафар зерикиб қолардим”, деб тан олган Адриана суҳбатларининг бирида. Шунинг учун у кўпинча бокс ёки HIIT каби машғулотларни танлайди. Бу машқлар нафақат унинг чидамлилигини оширади, балки калорияларни самарали ёқади ҳам.
Изоҳ (0)