Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни Будапешт шаҳрига расмий ташриф доирасида Венгрия Миллий мажлиси спикери Ласло Кёвер билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон—Венгрия стратегик шериклик муносабатларини, шу жумладан парламентлараро йўналишда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат парламентлари делегацияларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида Миллий мажлис спикери ўринбосари Янош Латорсаи иштирок этди.

Йил якунига қадар Венгрия парламенти спикери ўринбосари ва Иқтисодиёт қўмитаси раҳбарининг Ўзбекистонга, мамлакат парламент делегациясининг Будапешт шаҳрига ташрифи амалга оширилади.

Имзоланган битимларни амалга оширишга кўмаклашиш, дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, энг аввало, ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя, солиқ ва рақамлаштириш соҳаларида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш учун тегишли қўмиталар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.


Изоҳ (0)