Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланди. Бу президентнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлади.
Академиянинг асосий вазифалари:
- исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
- таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
- виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
- диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
- талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
- мамлакатда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.
Академияга қўмита билан келишган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилади. Академия талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаши ва узайтириши мумкин.
Шунингдек, етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш, ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш ҳуқуқи берилди.
Академияга ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушадиган маблағларнинг етишмаган қисми давлат олий таълим муассасаларини сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритиш орқали қопланади.
Президент фармонига кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти сифатида қайта ташкил этилади.
Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳада мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади. Барча таълим ташкилотларининг исломшунослик ва диншунослик фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш ушбу институт томонидан амалга оширилади.
Ушбу фармон билан Ўзбекистонда ҳаж ва умра ягона портали ҳам ишга тушади.
Изоҳ (0)