Ўзбекистонда араб тилини билиш даражасини аниқлашнинг кўп даражали тизими ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 февралдаги 73-сонли қарорига мувофиқ, 2022 йил март ойидан бошлаб чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари инглиз тилидан кўп даражали тизимда ўтказила бошланди.
Мазкур қарорда босқичма-босқич бошқа тиллардан ҳам кўп даражали тизимни жорий этиш белгиланган бўлиб, Давлат тест маркази мутахассислари томонидан араб тилини билиш даражасини аниқлашнинг кўп даражали тизими ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университетининг араб тили бўйича мутахассисларидан тақризлар олинди.
Ушбу тизим 2022 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва мазкур академия қошидаги академик лицейда апробациядан ўтказилди. Бунда апробациядан олдин унда иштирок этувчиларга апробация тест синовларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тушунтирилди ва кўп даражали тест тизими формати бўйича тўлиқ маълумот берилди.
Апробацияда иштирок этган ўқувчиларнинг натижалари ҳисобланиб, тегишли таҳлиллар амалга оширилади ва улар асосида тест топшириқларининг якуний вариантлари тайёрланади.
Изоҳ (0)