Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни Самарқанд саммити доирасида мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Турли даражалардаги фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар, амалий ҳамкорликнинг институсионал механизмлари доирасида самарали ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишга тайёрланмоқда.

Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бормоқда. Европанинг етакчи компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари портфели 30 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда. Мамлакат Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йирик бенефисиари ҳисобланади, Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг минтақавий ваколатхонаси очилмоқда.

Европа иттифоқининг бош институтлари раҳбарлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юксак баҳолади ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Музокараларда асосий эътибор инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга қаратилди. Туризм, маданият, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Бўлажак “Марказий Осиё—Европа иттифоқи” форматидаги биринчи олий даражадаги саммит кун тартибидаги масалалар ҳамда Европанинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Европа инвестиция Банкининг (ЭИБ) минтақавий ваколатхонаси — бу банкнинг муайян минтақада, масалан, Марказий Осиёда, Европа иттифоқи томонидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш учун ташкил этилган расмий вакиллик идораси ҳисобланади.
Унинг асосий вазифалари:
- Молиявий ҳамкорликни ривожлантириш – Минтақадаги давлат ва хусусий сектор билан ишлаш орқали инфратузилма, экология, энергетика ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш.
- Маҳаллий лойиҳаларни молиялаштириш – Барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт ва бошқа соҳаларда сармоялар ажратиш.
- Ҳамкорликни кучайтириш – Ҳукуматлар, халқаро молия институтлари ва тадбиркорлар билан яқин алоқаларни ривожлантириш орқали лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш.
- Техник ёрдам ва маслаҳат бериш – Молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг сифатини таъминлаш ва уларни халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширишда кўмаклашиш.
- Барқарор инвестицияларни жалб қилиш – Минтақадаги бизнес ва давлат секторига узоқ муддатли сармояларни йўналтириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш.
“Марказий Осиё—Европа иттифоқи” биринчи саммити
Ушбу саммит Самарқанд шаҳрида 3—4 апрель кунлари бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган саммит ишида Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.
“Марказий Осиё—Европа иттифоқи” биринчи саммитининг ишбилармонлик дастури Шавкат Мирзиёев ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашувидан бошланди. 3 апрель куни саммитда иштирок этадиган яна бир қатор делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. 4 апрель куни Марказий Осиё давлатлари ва Европа иттифоқининг асосий институтлари раҳбарлари иштирокида кўп томонлама тадбирлар бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)