Шавкат Мирзиёев Самарқандда буюк аллома Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларига табрик йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

“ ‘Калом илмининг султониʼ, ‘Мусулмонлар эътиқодини тузатувчиʼ деган юксак эътирофларга сазовор бўлган Имом Мотуридий ўрта асрларда – ғоявий курашлар авж олган ўта мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг очиб берадиган ноёб илмий-маърифий асарлар яратгани, турли зарарли оқимлар ва жаҳолатга қарши мардона кураш олиб боргани, ҳеч шубҳасиз, чинакам маънавий жасорат намунасидир.
Буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эса эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўтадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётгани таҳсинга сазовордир.
Бу ўлмас таълимот муқаддас динимизнинг эзгу ғояларини сохталаштириш, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланишга қаратилган бузғунчи ҳаракатлар янги шаклларда давом этаётган бугунги кунда янада долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётганини, сиз, ҳурматли анжуман иштирокчилари албатта яхши тушунасиз ва биз буни юксак қадрлаймиз”, дейилади табрикда.
Президент ислом цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломалар номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётганини қайд этиб ўтди.
Давлат раҳбари Имом Мотуридийнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамиятини янада чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу йўналишда амалга ошириладиган ишлар, жумладан, мутафаккирнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини кенгайтириб, янада обод зиёратгоҳга айлантириш бўйича вазифалар белгиланди.
2020 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференция иштирокчиларининг таклифи асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганди. Шавкат Мирзиёев яқинда имзоланган фармонга мувофиқ, ушбу марказ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида қайта ташкил этилганини алоҳида қайд этиб ўтди.
Давлат раҳбари ушбу марказ Имом Мотуридийнинг ислом дини равнақига қўшган ҳиссаси ва мотуридийлик таълимотини чуқур тадқиқ этишда дунёнинг турли мамлакатларидаги олим ва уламоларни бирлаштирадиган халқаро платформа бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, тадбирда Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 дан ортиқ давлатдан 70 дан зиёд муфтийлар, нуфузли исломшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, мотуридийшунос тадқиқотчилар, тарихшунос мутахассислар ва диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашмоқда.
Изоҳ (0)