Ўзбекистонда 21 апрель куни олтин қуймаларнинг нархи янги рекорд кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Унга кўра, 1 грамм олтин 1 миллион 454 минг 920 сўмга баҳоланмоқда. Бу 18 апрель куни қайд этилган нархдан 1,7 фоизга ва 17 апрелдаги аввалги рекорддан 0,9 фоизга кўпдир. 5 граммлик ўлчовли қуйма эса 7 миллион 275 минг сўмдан сотилмоқда.
Йил бошидан буён олтин 28,5 фоизга қимматлашди ва камида 27 марта, жумладан, апрель бошидан саккиз марта нарх рекордини янгилади.
Олтин қуймалар ҳақида
Олтин қуймалар — оғирлиги 5, 10, 20, 50, 100 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар. Улар ҳимояланган қадоқларда сотилади ва бемалол уйда ёки банкда — индивидуал банк ячейкаларини ижарага олган ҳолда сақлаш мумкин. Уларнинг нархи бир ҳафта ичида бир неча марта ўзгариши мумкин. Олтин қуймаларини фақат банкларга сотиш мумкин.
Жаҳонда олтин нархи
Жаҳонда олтин нархи тарихда илк бор бир унсия учун 3400 доллардан ошди. Ушбу қимматбаҳо металл АҚШ долларининг янада заифлашиши ва савдо уруши хавотирлари фонида қимматлашмоқда. Дональд Трамп томонидан бошланган савдо уруши бозорларни мувозанатдан чиқариб, хавфли активларга бўлган талабни пасайтирди. Бу эса хавфсиз актив ҳисобланган олтинга сармояни оширди.
Изоҳ (0)