Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов билан вақтинча хайрлашишга қарор қилмоқда. Thehardtackle нашрининг хабарига кўра, жамоа раҳбарияти уни ижарага бериш орқали янада ўсишига ёрдам бермоқчи.

Ҳусанов жамоа талабларига мослашишга улгурган бўлса-да, кучли рақобат туфайли кўп имкониятга эга бўлгани йўқ. У “Сити” сафида бор-йўғи тўққизта ўйинда майдонга тушган ҳамда “шаҳарликлар”нинг сўнгги 5 учрашувидан бери захирада қолдирилмоқда.
Мураббийлар штаби футболчи ўсишда давом этиши учун доимий ўйин амалиёти керак эканлиги сабаб уни вақтинча бошқа жамоага ижарага беришга қарор қилган. Шунга қарамай, “Сити” уни узоқ муддатли режаларининг асосий қисми сифатида кўришда давом этади.
Айни пайтда Премьер Лига ҳамда бошқа топ чемпионатлардан бир нечта жамоалар унга қизиқиш билдирмоқда. Улар ёш ҳимоячининг салоҳиятини эътироф этиб, уни ўз лойиҳаларининг асосий қисмига айлантирмоқчи.
Маълумот учун, Ҳусанов Франциянинг “Ланс” жамоасидан “Сити” сафига ўтган. Инглиз клуби 21 ёшли ҳимоячини 40 миллион еврога харид қилган эди.
Изоҳ (0)