Нега илмий иш қилганлар фан доктори дейилади? Уларнинг шифокорларга нима алоқаси бор? Нега фалсафа доктори деган илмий даража берилади? Тадқиқотчилар файласуф эмас-ку? “Дарё” колумнисти Ориф Толиб “Тилимизни биламизми?” рукнида “доктор” сўзининг қизиқарли тарихи ҳақида сўз юритади.
Доктор аслида ким?
Ўқувчилик йилларимда фан доктори деган иборадан ҳайрон бўлардим, нега бундай аташади, ахир у ҳеч кимни даволамайди-ку? Лекин ўша пайтларда бу саволга жавоб топа олмаганман.
Хўш, нега доктор дейилади? “Илмни даволайди-да, унга янги қон қуяди” дея мажоз ишлатиб, жавоб бериш мумкин. Бироқ бу шунчаки ўхшатиш, сўз ўйини холос.
Бу сўзнинг этимологиясига кириб борсангиз, аслида шифокорлар доктор деган номни “эгаллаб олгани”, асл докторлар – илм одамлари, профессорлар экани ойдинлашади. Доктор сўзининг илдизи лотинча docere – ўқитмоқ сўзига бориб тақалади, доктор устоз, таълим берувчи деганидир.
XIV асрда Европа университетларида илмий даража олган кишиларгина доктор деб аталган. Докторлик даражаси университетларда дарс ўтиш имконини берган.
Инглиз тилида доктор сўзи узоқ замонлар илмий даражали кишини англатган, даволовчи мутахассис маъноси эса иккиламчи бўлган. XVIII асрдан бошлаб шифокорларга нисбатан доктор атамаси кенгроқ ишлатила бошлаган. Аммо бу бежиз эмас – шифокорлар ҳам ўз соҳасида докторлик даражасига эга бўлган. Доктор деб аташ шифокорга нисбатан ҳурматни ифодалаган, унинг илм эгаси эканини урғулаган.
Бу сўз рус тилига XIV–XV асрларда ўзлашган ва олимни билдирган. Тиббиёт ходими маъносида эса ХIX асрдан қўллана бошлаган. Ўзбек тилига рус тили орқали кириб келган.
Дунёнинг жуда кўп тилларида доктор сўзи товуш ўзгаришлари билан ишлатилади ва тиббиёт ходимини англатади. Фалсафа доктори, фан доктори каби иборалар ҳам жаҳоннинг турли тилларидан олинган.
Нега файласуф бўлмаганлар ҳам фалсафа доктори бўлади?
Фалсафа доктори Европанинг кўпчилик давлатлари, АҚШ ва бошқа мамлакатларда бериладиган илмий даражадир. Ўзбекистонда ҳам олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими йўлга қўйилган. Диссертация ёқлаган тадқиқотчилар фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлади.
Хўш, нега фаннинг бошқа йўналишларида, дейлик, математика, физика, география ёки педагогика бўйича илмий иш қилган кишилар ҳам фалсафа доктори бўлади? Улар фалсафа билан шуғулланмайди ёки илмий ишида фалсафий қарашларни баён этмайди-ку?
Ҳаммаси тарихга бориб тақалади. Ўрта аср Европа университетларида уч хил йўналишда – илоҳиёт, ҳуқуқ ва тиббиёт бўйича таълим берилган, илмий фаолият олиб борилган. Вақтлар ўтиши билан илоҳиёт бўйича докторлик даражасини олиш камайган, ҳуқуқ ва тиббиёт йўналишидаги илмий изланишлар кўпайган. Бу соҳалар тарихан фалсафа деб аталган. Ана шу ҳолат фалсафа доктори атамасида ўз изларини қолдирган.
Дастлаб университетлар фалсафа доктори даражасини илмий соҳада мунтазам ва самарали фаолият юритиб, тенгдошларининг эътиборини қозонган кишиларга берган. Одатда бундай даражага ўрта ёшли кишилар эришган.
“Доктор” ва “доцент” қариндошми?
Доктор сўзининг илдизи лотинчага бориб тақалишини айтдик. Лотинча dоcеō – ўқитаман, ўргатаман сўзи docere феълидан, у эса қадимги (прото) ҳинд-европа тилидаги дек – олмоқ, қабул қилмоқ ўзагидан ўсиб чиққан. Бу ўзакдан ҳосил бўлган сўзлар ўзбек тилида ҳам анчагина.
Доцент, доктрина, документ, догма каби иборалар доктор сўзининг яқин қариндошларидир. Доцент ҳам доктор каби docere феълидан ясалган. Лотинча dоcеns (docentis) ўқитувчи, таълим берувчи демакдир.
Доктрина лотинча доcтрина сўзидан, у эса лотинча доcтор – ўқитувчи, устоз сўзидан ҳосил бўлган. Доктор эса docere феълидан ясалганини биламиз. Доктрина ўзбекчада илмий ёки фалсафий таълимотни, асосий назарий ёки сиёсий нуқтайи назарни ифодалайди.
Қадимги ҳинд-европа тилидаги дек ўзагидан ҳосил бўлган декан, декада, декабрь, даҳа, дециметр, децибел, декоратив, парадокс, синекдоха каби атамалар эса доктор сўзининг узоқ қариндошларидир.
Фан доктори ва докторант: фарқи нимада?
Бу сўзларнинг фарқи жуда оддий: фалсафа доктори ёки фан доктори – диссертация ёқлаб, илмий унвонга эга бўлган тадқиқотчи. Таянч докторант ёки докторант эса докторлик диссертациясини ёзиш учун бирор илмий муассасада тадқиқот олиб бораётган мутахассисдир.
Бу худди магистр ва магистрантнинг фарқига ўхшайди: магистрант – ҳали таълим олаётган, диссертация ёқламаган талаба. У диссертациясини ёқлаб бўлгач, магистрга айланади.
Дипломант – олий ёки ўрта махсус ўқув юртини битириш дипломи устида ишлаётган талаба. Бу сўзни магистрант ёки докторантларга нисбатан ишлатиб бўлмайди, чунки улар диплом иши ёзмайди, диссертация ёзади ва уни ёқлайди.
“Доктор”нинг ўзбекчаси борми?
Доктор сўзининг ғирт ўзбекча варианти бор – эмчи. Афсуски, тилимизда минг йилдан бери яшаб келган бу сўз ҳозир фойдаланишдан деярли чиқиб кетди. У олдин фаол қўлланганини “Оғриқ кўпайса, эмчи кўпаяр”, “Оғриқнинг тузалгиси келса, эмчи ўз оёғи билан келар” каби мақоллардан ҳам билса бўлади. Бугун эм ўзагидан ясалган эмдори, эмлама каби сўзларни ҳам ишлатмаймиз ҳисоб.
Изоҳли луғат эмчи сўзини эмловчи табиб, врач, ҳамшира дея изоҳлаган. Ҳеч қурса, ҳамшира ўрнида шу сўздан фойдаланиш мумкин. Ҳамшира форсчадан ўзлашган, аслиятда бирга сут эмишган дегани, опа ёки сингилни англатади. Биз бу сўзни шифохонада ишловчи, ўрта тиббиёт маълумотига эга бўлган ходимни ифодалаш учун ишлатамиз. Лекин уни эркак кишига нисбатан қўллаб бўлмайди. Иложсиз ҳамшир деган сўз ясалади. Тагини суриштирсангиз, ўзбекчада бундай сўз йўқ. Ҳатто аслиятда – форсчада ҳам даволовчи маъносида бундай сўз ишлатилмайди. Менимча, русча медбрат ўрнида эмчи сўзини бемалол қўллаш мумкин.
Ўзбекчада доктор сўзи ўрнида қадимда ҳаким, табиб атамалари ишлатилган. Қизиқ томони, арабча ҳакимнинг кечмиши докторга ўхшаш, у ҳам аслиятда билимли киши, табиб, файласуф каби маъноларга эга. Одатда ўткир табиблар ҳаким деб аталган. Подшоҳларни даволовчи мутахассислар ҳам ҳакимлар бўлган.
Табиб сўзи эски тилимизда шифокорни англатган, аммо ҳозир тиббий ўқув юртида ўқимаган, беморларни анъаналар ва ҳаётий тажриба ёрдамида даволовчи кишига нисбатан қўлланади. “Девону луғатит турк”да табибнинг ўзбекча вариантлари бор – ўтачи, атасағун.
Врач эса русчадан ўзлашган. Унинг тарихи анча қизиқ. Мутахассислар бу сўзни врать – гапирмоқ, алдамоқ, аврамоқ феълига боғлайди. Қадимда бу сўзда ҳозиргидай салбий маъно бўёғи бўлмаган. Врач куф-суфлар, афсунлар билан касалликни ҳайдовчи, авроқчи маъносини ифодалаган. Кейинчалик унинг мазмуни ўзгарган ва олий маълумотли тиббиёт ходимини англата бошлаган. Ўзбек тилига шу мазмуни билан ўтган.
Арабча ва форсча сўзлар қоришмасидан ҳосил бўлган шифокор эса нисбатан янги ўзлашмалардан, у ҳозирги тилимизда умуман даволовчи маъносида ҳам, доктор ва врач маъносида ҳам ишлатилади.
Изоҳ (0)