Хитойнинг жануби-ғарбий қисмидаги сув тошқини оқибатида 80 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Бу ҳақда Channel News Asia хабар берди.

Хитой бу ёзда экстремал об-ҳавони бошдан кечирмоқда. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида иссиқлик ҳукмрон бўлса, баъзи жойларда ёмғир ва бўронлар авж олган. Сув тошқинлари сабабли 25 июнь куни кўприк қулаб тушган. Унга осилиб қолган юк машинаси ҳайдовчиси қутқариб олинган.
Жануби-ғарбий Гуйчжоу провинциясидан 80 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Ронгжианг округида эса футбол майдони 3 метр сув остида қолиб кетган. Қутқарувчилар сув тошқини юз берган ҳудудлардан аҳолини кўчириш учун қайиқлардан фойдаланган.
“Сув жуда тез кўтарилди. Мен учинчи қаватда қолиб, қутқарувчиларни кутдим. Куннинг иккинчи ярмида мени эвакуация қилишди”, деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Сув тошқинидан жабрланганларга озиқ-овқат, жумладан, гуруч етказиб бериш учун дронлар ишга солинган. Сув тошқинлари қўшни Гуанси вилоятида ҳам содир бўлган.
Ўтган ҳафта Хитойнинг марказий Хунан провинциясида кучли ёмғир туфайли ўн минглаб одамлар эвакуация қилинганди. Мамлакат жанубида эса “Вутип” тўфони сабабли 70 мингга яқин одам кўчирилганди.
Изоҳ (0)