“Ювентус” ҳужумчиси Душан Влаҳович “Манчестер Юнайтед” ўтишни истаган эди, бироқ “қизил иблислар” раҳбарияти сербиялик футболчини харид қилиш имкониятидан воз кечди. Бу ҳақда Фичажес нашри хабар берди.

Манбага кўра, ҳужумчи Туринда қийин вазиятда қолган. “Ювентус” ёзги трансфер ойнаси вақтида Канада терма жамоаси форварди Жонатан Девидни харид қилганидан сўнг, бош мураббий Игор Тудор Влаҳовични захира футболчисига айлантирган.
Шу боис 25 ёшли ҳужумчи ўзига янги жамоа излашга киришди. Агентлар Влаҳовични Европанинг бир қатор топ-клубларига таклиф қилмоқда. Ушбу рўйхатда “Манчестер Юнайтед” ҳам бор эди, бироқ инглизлар ҳужумчини сотиб олишни истамади.
Ҳозирча футболчи учун асосий даъвогар Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби бўлиб турибди. Бироқ Влаҳович фаолиятини Европанинг кучли жамоаларидан бирида давом эттирмоқчи. Шунингдек, “Милан” ҳам футболчини сотиб олиш масаласида музокара ўтказишга тайёр, аммо бунинг учун Душан маошини камайтириши керак бўлади.
Айни вақтда “Манчестер Юнайтед” асосий эътиборни “Лейпциг” клуби ҳужумчиси Бенямин Шешко трансферига қаратган. Манбага кўра, клуб бу футболчи учун 90 миллион евролик расмий таклиф юборган. Бироқ Шешко трансфери амалга ошмайдиган бўлса ҳам, “қизил иблислар” Влаҳовични сотиб олмайди.
- Душан Влаҳович 2024/25 йилги мавсумда “Ювентус” сафида жами 44 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 17 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйган.
- Унинг туринликлар билан шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
- Transfermarkt портали сербиялик ҳужумчининг қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)