БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда деярли 60 миллион нафар болалар мактабга бормайди. TravelAsk’нинг ёзишича, бундай ачинарли кўрсаткичнинг асосий сабабларидан бири камбағалликдир. Дунёдаги аксарият болалар мактабга бориш ўрнига ишлашга, сув келтиришга ёки оилада ўзидан кичик ука-сингилларига қараши керак.
Яқинда интернет тармоғида камбоджалик ўқитувчи жойлаган мактаб сумкаси сурати тарқалди. Уни ўқувчиларидан бирининг отаси ясаган бўлиб, ҳақиқий сумка сотиб олишга қурби етмаган. Хабарда айтилишича, дунёнинг турли мамлакатларида ўз фарзандларига мактаб қуролларини сотиб олишга қурби етмайдиган минглаб одамлар бор.
Бундай ота-оналар фарзандларининг таълим олишга интилишини қўллаб-қувватлаш учун қўлдан келган барча ишни қилади. Камбоджалик отанинг ҳаракати ҳам таъсирли бўлганидан бутун дунёга машҳур бўлди.
Суратни жойлаган ўқитувчи ОАВга берган интервьюда уларда оддий мактаб сумкаси 7 доллар туришини, ота-оналар бундай «ҳашамат»ни олишга имкон қадар қодир бўлишга ҳаракат қилишини айтган. Лекин қанчалик ҳайрон қоларли кўринмасин, мактаб сумкаси ясаб берган отанинг уни сотиб олиш учун бунча пули бўлмаган. Лекин ўғлининг мактабга бормаслигини ҳам хоҳламаган. Шу сабабли уни ўзи ясаб беришга қарор қилган.
Изоҳ (0)