Япониялик футболчи Кейсуке Хонда Камбоджа миллий терма жамоаси бош менежери ва бош мураббийи этиб тайинланди. Айни вақтда, у футболчилик фаолиятини якунлагани йўқ.
32 ёшли футболчи мураббийлик фаолиятини Австралиянинг «Мельбурн Виктори» клубида тўп суриш билан бирга (бир ҳафта бу клуб билан бир йиллик шартнома имзолаган эди) олиб боради. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, Хонда ҳар ҳафта видеоалоқа қўнғироқлари воситасида Камбоджа миллий терма жамоаси мураббийлар штабига ёрдам беради.
Хонда Камбоджа миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида биринчи синовдан ASEAN (Жануби-Шарқий Осиё мамлакталари) чемпионатида ўтади. «Sports.ru»нинг қайд этишича, Хонда айни вақтда Австрия иккинчи дивизионидаги «СВ Хорн» футбол клуби президенти ҳам саналади.
Маълумот учун, Кейсуке Хонда фаолияти давомида Россиянинг ЦСКА, Италиянинг «Милан», Мексиканинг «Пачука» жамоаларида тўп сурган. Япония миллий терма жамоаси сафида 98 ўйинда майдонга тушиб, 37 та гол урган; учта мундиал иштирокчиси саналади.
Изоҳ (0)