Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги қатор ҳудудларга 12 июнь куни сел келди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.
Жумладан, соат 14:10 ларда “Куштол” МФЙ, Конли ҚФЙнинг юқорисида жойлашган тоғ ва адирликларида кузатилган жала ёмғирлари натижасида сел йўлидан тахминан 2-3 м3/с сел оқимлари оқиб ўтган. Ҳеч қандай талафот кузатилмаган.
Шунингдек, “Навбаҳор” МФЙ Сегисари қишлоғининг сел йўлидан тахминан 3-4 м3/с сел оқимлари оқиб ўтиши натижасида автомобиль йўлига тош ва шағаллар чиқариб ташланган. Бошқа ҳеч қандай талафот кузатилмаган.
Шу билан бирга, 14:30 ларда Туркман қишлоғида тахминан 1.0-2.0 м3/с сел оқимлари оқиб ўтган. Ҳозирга қадар ҳеч қандай талафот кузатилмаган.
Шу каби, “Ниҳол” МФЙ Қизилсой қишлоғида 1.5-2.5 м3/с сел оқимлари оқиб ўтиши оқибатида автомобиль йўлига тош ва шағаллар чиққан. Ҳеч қандай талафот кузатилмаган.
Бундан ташқари, “Тараққиёт” МФЙ, Ҳулкар қишлоғида тахминан 1.5-2.0 м3/с сел оқимлари оқиб ўтган. Автомобиль йўлига шағал тошлари чиқариб ташлаган.
ФВВнинг хабарига кўра, йўллар тозаланиб, автомобиллар ҳаракати давом этмоқда. Фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмаган.
Ҳозирги вақтда ФВDT хизматларининг 10 та махсус техникалари ва 38 нафар шахсий таркиби томонидан содир бўлган сел оқимлари оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бахмал туманининг кўплаб қишлоқларида ҳам сел ҳодисалари кузатилаётгани айтилмоқда. Бироқ бу борада расмий маълумот берилмади.
16 июнгача тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел хавфи эълон қилинганди. Жиззах вилоятининг Зомин тумани, “Дуоба” МФЙ, Еттикечув ҚФЙнинг юқорисида жойлашган тоғ ва адирликларида кузатилган жала натижасида 10 июнь соат 17:20 да сел оқимлари оқиб ўтгани хабар қилинганди.
Май ойи охирида ҳам Зомин туманининг айрим ҳудудларига сел келган эди.
Изоҳ (0)