Ўзбекистонда йил бошидан буён солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 14,5 миллиард сўм мукофот тўланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

2025 йилнинг январь—май ойларида “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 45 496 та мурожаат келиб тушган.
Шундан:
- 40 903 таси харид чеки бермаслик;
- 1 559 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- 113 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- 2 921 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.
Мурожаатларнинг 21 510 таси такрорий бўлгани ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли кўриб чиқилмаган. Мурожаатлар асосида 18 140 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,1 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 20 358 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз) 14,5 миллиард сўм мукофот тўланган.
Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликларидан ташқари, сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео юборганлар, ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳақида хабар берган, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатган фуқаролар рағбатлантирилади. Шунингдек, электр ва газдан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида, ер қаъридан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади.
Изоҳ (0)