Ўзбекистонда 2023 йилнинг саккиз ойида солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида йўлланган мурожаатлар сони 84 мингдан ошди.
Солиқ қўмитасининг “Фискал таҳлиллар” Telegram-каналида маълум қилинишича, январь—август ойларида “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида келиб тушган 84 786 та мурожаатдан:
- 79 210 таси харид чеки бермаслик;
- 3 343 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- 162 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- 2 071 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.
Мурожаатларнинг 46 839 таси такрорий бўлгани ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётгани сабабли қайтарилган. Мурожаатлар асосида 32 968 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,5 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 2023 йилда 34 682 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз) 28,8 миллиард сўм мукофот тўланган.
Изоҳ (0)