Ўзбекистонда 2025 йил 31 июлгача транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун ЕИДXP, Давлат хизматлари марказлари ёки ЙҲХХнинг мобил иловаси орқали электрон рухсатнома олиш хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, ҳозирги кунда автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун фуқаролар томонидан мурожаатлар анъанавий тарзда амалга оширилиб келинаётгани аҳолининг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли автомототранспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш ҳолати юзасидан ЙҲХХга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилиш зарурати юзага келмоқда.
Президентининг 2025 йил 30 апрелдаги “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш давлат хизматини электрон шаклга ўтказиш белгиланганди.
Автомототранспорт воситаларни жарима майдонидан олиб чиқиш учун ваколатли давлат органи томонидан QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган электрон ҳужжат тақдим этилади. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
Жарима майдонларига жойлаштирилган транспорт воситаларини чиқариш учун электрон рухсатномалар ушбу транспорт воситаларни ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилгунга қадар берилмайди. Транспорт воситаларини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун ЙҲХХга оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиш имконияти ҳам сақлаб қолинади.
Изоҳ (0)