Ўзбекистонда 20 июлдан шахсий мақсадда товарларни божсиз олиб кириш учун хорижда белгиланган муддатлар бўлиш тартиби кучга киради. Бу ҳақда Божхона қўмитаси эслатма билан чиқди.

Ҳукумат қарори билан 2025 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари белгиланган эди.
Жумладан,
- ҳаво транспортида — 1000 АҚШ доллари,
- темирйўл ва дарё транспортида — 500 АҚШ доллари,
- автомобиль ва пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ долларигача
- қийматдаги товарларни шахсий эҳтиёж учун божсиз олиб кириш мумкин.
Янги тартибга кўра, божсиз олиб кириш имтиёзидан фойдаланиш учун темирйўл ҳамда автомобиль ўтказиш пунктлари орқали товарларни олиб кираётган фуқаролар чет элда камида икки кун, самолётда қайтаётганлар эса камида уч кун бўлиши керак. Бу муддат кам бўлса, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди ва товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қиймати эса чеклар, квитансиялар ёки бошқа тижорат ҳужжатлари асосида аниқланади. Агар тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилмаса, қиймат ахборот дастурлари орқали илгари олиб кирилган шу турдаги товарлар маълумотлари асосида аниқланади.
Қўмита матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев 23 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда ҳаво йўллари орқали тижорат товарларини шахсий эҳтиёж ниқоби остида олиб кираётган йўловчилар сони ортганини маълум қилганди. Тошкент халқаро аэропортида бу 500 нафарни ташкил этса, бу кўрсаткич мамлакат бўйлаб 10 минг нафардан ошишини айтганди.
“Айрим фуқаролар 90 кун давомида 90 марта, яъни ҳар куни чет элга учиш билан шуғулланиб, товарларни божларсиз олиб киришни касбга айлантиришган, албатта бу ҳолатни табиий деб бўлмайди ва белгиланган имкониятларни суиистеъмол қилишдан бошқаси эмас”, деган эди у.
Бундай маҳсулотларга асосан кийим-кечак, дори воситалари, парфюмерия маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, маиший техника ва тамаки маҳсулотлари киришини қайд этганди.
Изоҳ (0)