Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензин нархи бир ойда 9 фоиз қимматлашди. Охирги икки йилда эса 48 фоизгача ошди.

Бундан бир ой илгари биржада Аи-80 бензини тоннаси 9 миллион 448 минг сўмдан сотилган. 15 июлга келиб эса нарх 869 000 сўмга ошиб (ўсиш 9 фоиз), тоннаси 10 миллион 317 минг сўмдан савдога чиқарилган. Бундай юқори нарх тарихда бўлмаган.
Жорий йил бошида мазкур маркадаги ёнилғи нархи тоннасига 9 миллион 296 минг сўмдан тўғри келган. Бир йил илгари эса 8 миллион 960 минг сўмдан сотилган. Йиллик нарх ўсиши — 15 фоиз.
2023 йил июли ўртасида мазкур бензиннинг тоннаси 6 миллион 967 минг сўмдан савдога чиқарилган. Икки йил давомида нарх қарийб 48 фоизга ўсган.
Мамлакатда расмий инфляция охирги бир йилда 8,7 фоиз, сўнги икки йилда йиғилган инфляция эса 20,2 фоизга тенг бўлган. AI 80 нархи эса бошқа товар ва хизматлардан кўра 1,7–2,4 карра юқорироқ суръатда қимматлашмоқда.
Аи-80 бензинидан воз кечиладими?
“Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сиддиқов журналистлар билан учрашувда Аи-80 бензини сифатсизлигига урғу берган ва ундан посцовет давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда фойдаланилишини айтганди.
“Мамлакатда ишлаб чиқараётган бензиннинг 80–90 фоизини Аи-80 маркалиси ташкил қилади. Чунки истеъмолчилар арзон бензин сўрайди”,— деган раис.
Президент масъулларга Аи-80 бензинидан воз кечиш бўйича охирги йилларда бир неча марта вазифа қўйган. Масалан, 2024 йилда берилган топшириқ ҳали бажарилмади. Давлат дастури билан 2025 йил якунигача Аи-80 русумли автомобиль ёнилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш вазифаси қўйилган.
“Резинкадай чўзмай, 80 бензин бирдан тақиқланса нима бўлади? Очофат монополистлар, ўғри олигархлар, уларнинг энергошотирлари мажбур бўлади бозорни очишга, рақобатчиларни киритишга, temiryoъl ва омборлар инфратузилмаларидаги коррупцион квота, аждарҳо тариф ва маъмурий тўсиқларни олиб ташлашга. Чунки улар билишади, қанчалар саводсиз ва примитив энергоношуд эканликларини, 80 тўсатдан тақиқланса, 1 миллион тонна 92 бензин топиб бера олмасликларини. 80 бензин ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлаш учун энг қулай вақт бугун, эртага ёки шу ҳафта. Икки оёқни бир этикка тиқадиган қилиб энергокризис уюштириладиган куз ва қиш эмас”, дея фикр билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров.
Ҳукумат мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводларида Аи-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечилишини тўрт йилдан бери айтиб келади. Бунинг ўрнига “Евро-5” талабларига жавоб берадиган ёнилғи ишлаб чиқаришга ўтилиши таъкидланади.
Сўнги қарорга қараганда, 2028 йилдан бошлаб “Евро — 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан (Аи-80 бензини) фойдаланиш ва сотиш босқичма-босқич чекланади. 2025−2027 йилларда мазкур бензин импорти чеклана бошлайди.
2024 йил январда мамлакатдаги барча заправкаларда Аи-80 бензинига 8 минг сўмлик юқори нарх чегарасини белгилаш режалаштирилаётгани маълум қилинган. Ўшанда Энергетика вазирлиги нархларни чеклаш бўйича ҳужжат лойиҳаси ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлангани ва яқин кунларда қабул қилиниши кераклигини таъкидлаган. Бироқ бугунга келиб энг арзон бензин нархи ҳам чеклов даражасидан анча юқори.
Изоҳ (0)