Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқлаган низомга кўра, нафақа тайинлаш учун мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва нафақа тайинлаш “Э-пробация” ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ҳамда маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади. Тайинланган нафақа “Э-пробация” ахборот тизими орқали тақдим этилган маълумотлар асосида тўланади.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар тўғридан-тўғри шартнома тузилган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг мурожаатига асосан “Ягона реестр” АТ орқали электрон юборилган тўлов қайдномаларига мувофиқ нафақа тижорат банки томонидан нақд пул шаклида тўланади ёки уларда мавжуд банк карталарига ўтказиб берилади.
2025 йил 1 сентябрга қадар “Э-пробация” ахборот тизими “Ягона реестр” АТга интеграция қилинади ҳамда “Э-пробация” ахборот тизими орқали нафақа тайинлаш бўйича мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва тайинлашнинг барча техник имкониятлари яратилади.
Нафақа Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.
Нафақа миқдори қанча?
“Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 2025 йил 1 майдан бошлаб озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга БҲМнинг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа пулини уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўлаш белгиланган. Базавий ҳисоблаш миқдори 1 августдан 412 000 сўм бўлишини ҳисобга олса озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга бериладиган бир марталик нафақа пули шу санадан бошлаб 2 миллион 472 минг сўмга тенг бўлади.
Изоҳ (0)