Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасидан истеъфога чиқарилганидан бир ярим ой ўтиб, унинг ўрнига янги мураббий тайинланиши ҳақида расмий хабар чиқди. Ўзбекистон футбол ассоциация Словения терма жамоасини 2000 йилги Европа чемпионати ва 2002 йилги Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан мутахассис Сречко Катанец билан келишувга эришилганини эълон қилди. Терма жамоанинг яқин орада расмий ўйинлар ўтказмаслиги инобатга олинса, миллий жамоани шу пайтгача бошқарган таниқли мураббийлар ҳақида мулоҳаза юритишнинг айни вақти.
Рустам Акромов, 1992—1994 йиллар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги ягона йирик ғалаба Рустам Акромов даврига тўғри келади. Мустақилликнинг илк йилларида тузилган терма Акромов қўл остида Хиросимада (Япония) ўтган Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритади. Футбол профессори Рустам Акромов бошчилигида Ўзбекистон 11 учрашув ўтказиб, 10 та ғалаба ва 1 та дуранг қайд этган.
Убиражара да Сильва, 1997—1998 йиллар
Акромовдан сўнг терма жамоа бошқарувига бир қатор маҳаллий мураббийлар келади. Шундан сўнг терма жамоага Бразилиядан Убиражара да Сильва таклиф қилинади. У бунгача «Пахтакор»да фаолият юритаётганди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи хорижлик бош мураббийи сифатида тарихга кирган Убиражара 1997 йилнинг октябрь ойида терма жамоани қабул қилиб олган. Унинг қўл остидаги илк ўйинда терма жамоа Қозоғистон устидан 4:0 ҳисобида ғалабага эришади. Умумий ҳисобда да Сильва терма бошқарувида 9 учрашув (4 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият) ўтказади. Шунингдек, айнан Сильва даврига терма жамоанинг энг йирик ғалабаси тўғри келади – 15:0 ҳисобида Мўғулистон мағлуб этилган. Убиражара 2021 йилнинг март ойида коронавирус оқибатида 66 ёшида вафот этди.
Юрий Саркисян, 2000 йил
2000 йилда терма жамоа бошқарувига «Нефтчи» клубининг афсонавий мураббийи тайинланади (унга қадар Маҳмуд Раҳимов, Виктор Борисов ва Павел Садирин (Россия) терма жамоага устозлик қилади). Бироқ Саркисян қўл остидаги Ўзбекистон Осиё Кубоги—2000 да муваффақиятсиз иштирок этади. Терма жамоа тарихидаги энг йирик мағлубият (Япония 1:8) ҳам Саркисян даврига тўғри келади.
Саркисяннинг терма жамоадаги статистикаси: 5 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият.
Равшан Ҳайдаров, 2002—2004 йиллар
Саркисяндан сўнг Владимир Салков ва Леонид Остроушко қисқа вақт давомида бош жамоага устозлик қилади. 2002 йилдан 2004 йилгача эса Ҳайдаров термани бошқаради. Ҳайдаров қўл остида ўзбекистонлик футболчилар умумий ҳисобда 25 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та ғалаба, 6 тадан дуранг ва мағлубият қайд этади. Ҳайдаров терма жамоа билан 2004 йилда Хитойда бўлиб ўтган Осиё Кубогида чорак финалга қадар етиб борган.
Ҳанс Юрген Гёде, 2005 йил
Даставвал Равшан Ҳайдаровга ёрдамчилик қилган германиялик мутахассис кейинчалик бош мураббийлик лавозимига тайинланади. ЖЧ—2006 саралашида иштирок этган Ўзбекистон Гёде қўл остида 3 та ўйин ўтказиб, 1 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этади. Натижада, раҳбарият чет эллик мутахассисни истеъфога чиқарган. Юрген Гёде ўшанда ҳатто сўнгги матбуот анжуманида ҳам иштирок этмай кетиб қолганди.
Валерий Непомняший, 2006 йил
Юрген Гёдедан кейин қисқа вақт давомида Боб Ҳафтон жамоа бошқарувини ўз қўлига олади. Аммо англиялик мутахассис кутилмаганда терма жамоадан кетади, унинг ўрнига эса Россиядан Валерий Непомняший таклиф қилинади. Бунгача у «Пахтакор»ни бошқариб келаётганди. Шу тариқа у иккала жойда фаолият юритишни бошлайди.
Мавзуга доир: Икки от жиловини тутганлар. Параллел 2 та лавозимда ишлаш Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари учун фойдали бўлганми?
Рауф Инилеев, 2007—2008 йиллар
Непомняшийдан кейин яна маҳаллий мураббийга мурожаат қилинади. 2007 йилгача Инелеев Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини бошқариб келаётганди. Унинг олдига 2007 йилги Осиё Кубогида муносиб иштирок этиш талаби қўйилади. Малайзия, Таиланд, Индонезия ва Вьетнам майдонлари мезбонлик қилган мусобақада терма жамоа чорак финалга қадар етиб боради. 1/4 финалда Саудия Арабистонига 1:2 ҳисобида имконият бой бериб қўйилади. Шунга қарамай мутахассис ўша йили Осиё ва Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилади. 2008 йилга келиб эса бир қатор муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг Инелеев лавозимидан озод этилади.
Миржалол Қосимов, 2008—2010 ва 2012—2015 йиллар
«Ўзбек Марадонаси» деб ном берилган Миржалол Қосимов ҳозиргача икки марта терма жамоани бошқариб, ҳар иккаласида ҳам муваффақиятсизликка учраган. Дастлаб, 2008 йилда Рауф Инелеевнинг ўрнини эгаллайди. Қосимовнинг олдига жамоани Бразилияда бўлиб ўтадиган мундиалга олиб чиқиш вазифаси қўйилади. Аммо эндигина «Бунёдкор» («Қурувчи») билан маълум бир ютуқларга эришаётган ёш мураббийдан кўп нарса кутишнинг ўзи нотўғри қарор эди. Бунинг устига у Инелеевнинг қатор мағлубиятларидан кейин жамоа бошқарувига келганди. Шу тариқа Қосимовнинг термадаги илк фаолияти 2010 йилга келиб ўз ниҳоясига етади. Унинг ўрнига Вадим Абрамов таклиф этилади.
Миржалолнинг иккинчи уриниши 2012 йилга тўғри келади. Бу сафар ҳам унга «тишлаган нон» тақдим этилади: 2014 йилги Жаҳон Чемпионати саралаши доирасида Тошкентда Эрондан учралган аламли мағлубиятдан сўнг (0:1) Вадим Абрамов истеъфога чиқарилади ва яна «Бунёдкор»да туппа-тузук ишлаб турган Қосимов олиб келинади. Шу тариқа у параллел равишда ҳам терма жамоа, ҳам «Бунёдкор»га устозлик қилади. «Бунёдкор»да Ўзбекистон Кубогида зафар қучади, Осиё Чемпионлар Лигасида эса ярим финалга қадар етиб боради. Афсуски, Ўзбекистон билан 3-саралаш босқичида 3-ўринни қўлга киритади, Иорданияга қарши ўтиш ўйинида эса пенальтилар сериясига кўра мағлуб бўлади ва ЖЧ—2014 га чиқиш имкониятидан маҳрум бўлади. 2015 йилнинг ёзида терма жамоани тарк этади.
Қосимовнинг терма жамоадаги умумий статистикаси қуйидагича: 54 ўйин, 22 ғалаба, 15 дуранг, 17 мағлубият.
Вадим Абрамов, 2010—2012 йиллар
2010 йилда терма жамоа бошқарувига кутилмаганда ҳали ҳеч қандай жиддий ютуқларга эришмаган Абрамов тайинланади. Абрамов бор эътиборини терма жамоага қаратиш учун «Локомотив»даги ишидан кетади. Шу тариқа мутахассис терма жамоани Осиё Кубоги—2011 га тайёрлайди ва мусобақада ярим финалга қадар етиб боради. Ярим финал баҳсида Австралияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлган Абрамов шогирдлари учинчи ўрин учун кечган ўйинда Жанубий Кореяга имкониятни бой бериб қўяди (2:3). Йирик ва шармандали мағлубиятларга қарамай, Абрамовнинг бу натижаси ижобий баҳоланади. Боиси Ўзбекистон терма жамоаси бунга қадар Осиё Кубокларида ярим финалга қадар етиб бормаганди.
Абрамовнинг жамоаси ЖЧ—2014 саралаш ўйинларидаги иштирокини бошлайди. Иккинчи босқичнинг сўнгги ўйини олдидан Абрамов ўз оёғига ўзи «болта уради». Кейинги босқич масаласини ҳал қилган жамоа 5-турда Тожикистонга қарши ўйнайди. Унда аввалги ўйинларда сариқ карточка олган олти нафар ўйинчи сўнгги тур ўйинини ўтказиб юборган ҳолда ҳал қилувчи босқичга «тоза» бўлиб бориш учун қайта сариқ карточка олади. ФИФА эса бу масалани бееътибор қолдирмайди ва ўйинчиларни бир эмас иккита ўйинга четлатади. Натижада учинчи саралаш босқичининг илк ўйинида, юқорида тилга олинган Эронга қарши бир қатор асосий таркиб ўйинчиларисиз тушади ва сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, аламли мағлубиятни қабул қилади. Шундан кейин Абрамовга чиқиш эшиклари кўрсатилади.
Абрамовнинг 2010—2012 йиллардаги статистикаси: 28 ўйин, 11 ғалаба, 5 дуранг, 12 мағлубият.
Самвел Бабаян, 2015—2017 йиллар
2015 йилнинг июнь ойида Қосимовнинг истеъфоси қабул қилинади, унинг ўрнига эса «Пахтакор»да вице-президентликдан то мураббийликкача бўлган лавозимларда ишлаган Самвел Бабаян тайинланади. Бабаян, шунингдек, ўша йилнинг ноябрь ойида параллел равишда олимпия терма жамоаси бошқарувини ҳам ўз қўлига олади. Бироқ у на олимпия ва на миллий терма жамоа билан ўз олдига қўйилган вазифаларни бажара олади. Олимпиячилар Қатардаги Осиё Чемпионатида гуруҳда қолиб кетиб, Рио Олимпиадаси йўлланмасидан қуруқ қолган бўлса, терма жамоа ЖЧ—2018 нинг ҳал қилувчи саралаш босқичида гуруҳда 4-ўринни эгаллайди. Бабаян терма жамоада бошқарувида 24 ўйин ўтказиб, 16 ғалаба, 2 дуранг ва 6 мағлубият қайд этган.
Эктор Купер, 2018—2019 йиллар
Бабаян «ҳайдалиш куйи»ни чалганидан кейин Рўзиқул Бердиев (2017 йил, 1 та ўртоқлик ўйини) ва Тимур Кападзе (2018 йил, 4 та ўртоқлик ўйини) қисқа вақтдан термага устозлик қилади. Шундан сўнг миллий жамоа бошқарувига Мисрни 22 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон Чемпионатига олиб чиққан аргентиналик Эктор Купер таклиф қилинади. Купер билан 3+1 кўринишида шартнома имзоланади. Ўз вақтида «Валенсия», «Интер» каби номдор клубларни бошқарган мутахассиснинг олдига Осиё Кубоги—2019 да муносиб иштирок этиш ва жамоани 2022 йилги Жаҳон Чемпионатига олиб чиқиш вазифаси топширилади. БАА майдонларида бўлиб ўтган қитъа биринчилигида Купер бошчилигидаги жамоа 1/8 финалда Австралия терма жамоасига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўяди. Жаҳон чемпионати саралашида эса Фаластиндан учралган мағлубият Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги тақдирини ҳал қилади. Купер билан тузилган шартнома бекор қилинади ва унга 7 (айрим манбаларда 5) миллион евро миқдорида компенсация тўлаб берилади. Кўплаб мутахассис ва мухлислар Купернинг ҳимоявий услубини танқид қиларди ва Ўзбекистоннинг ҳар доим ҳужумкор ўйин кўрсатганини таъкидларди. Шунингдек, Купернинг терма жамоадан кетиши ҳақида турли-туман узунқулоқ гапларнинг мавжудлигини ҳам унутмаслик лозим. Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидаги умумий статистикаси: 17 та ўйин, 7 ғалаба, 4 та дуранг, 6 та мағлубият.
Вадим Абрамов, 2019—2021 йиллар
Эктор Купер истеъфосидан кейин терма жамоа яна Абрамовга топширилади. Абрамов келиши билан жамоа яна кўтаринки кайфиятда ўйнай бошлайди ва дастлабки икки ўйинда Яман ва Сингапур мағлуб этилади. Бироқ шундан сўнг терма ўйинида пасайиш кузатилади. Бунинг устига коронавирус пандемияси сабабли 2-саралаш босқичи марказлашган ҳолда Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Саудияда нималар бўлганини эса ҳамма кўрди... Мундиал билан шармандаларча хайрлашилди. Ўзбекистон бунгача бирор марта ҳам Жаҳон Чемпионатлари саралашида 2-босқичда қолиб кетмаганди. Терма жамоа Тошкентга қайтгач, ЎФА раҳбарияти Вадим Абрамовнинг шартномаси якунлаганини айтиб, у билан ҳамкорлик тугаганини эълон қилди. 2019—2021 йилларда миллий жамоа Абрамов билан 10 та ўйин ўтказиб, 6 та ғалабага эришди. Яна 4 та ўйин эса мағлубият билан якунланган.
Изоҳ (0)