25 ёшли энг машҳур тиктокер Ҳаби Леймни АҚШ миграция хизмати ҳибсга олиб, мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда France24 хабар берди.

Лейм — асли сенегаллик блогер бўлиб, унинг TikTokʼда 162 миллиондан ортиқ обуначиси бор, дунёдаги энг машҳур тиктокерлардан бири ҳисобланади. Ундан кейин Чарли ДʼАмелио (151 миллиондан ортиқ обуначи) ва Белла Порч (93 миллиондан ортиқ) туради.
Лейм 6 июнь куни Лас Вегасдаги Гарри Рид халқаро аэропортида қўлга олинган. “Лейм 30 апрель куни Қўшма Штатларга кириб келди ва виза шартларини бузди. Леймга 6 июнь куни ихтиёрий равишда кетиш ҳуқуқи берилди ва шундан сўнг у АҚШни тарк этди”, деб маълум қилди идора.
Лейм ўзининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарга изоҳ бермади, бироқ TikTok жойлашда давом этди. Тиктокер мураккаб маслаҳатларни сўзсиз, оддийгина ҳаракатлар билан масхара қилган видеолари орқали машҳур бўлган.

5 июнь куни миграция хизмати вакиллари мигрантларни ҳибсга олишнинг рекорд сони ҳақида хабар берди, улар бир кунда 2200 кишини қўлга олишди.
Мигрантларнинг оммавий ҳибсга олиниши охир-оқибат норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувларга олиб келди. АҚШ армияси норозиликларга жавобан Лос Анжелесдаги учта турли жойга, юзлаб одамлар норозилик билдирган ҳудудларга, 300 га яқин ҳарбийни жойлаштирди.
Инаугурация куни, 20 январда, АҚШ президенти Дональд Трамп президентлик лавозимидаги илк нутқида ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш жараёнини зудлик билан бошлашга ваъда берганди.
Изоҳ (0)