Украина Россиядаги нишонларга зарба бериш учун биринчи марта Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланди. Бу ҳақда тегишли манбаларга таяниб The Guardian ва Bloomberg нашрлари хабар берди.
Британия бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.
Telegraph нашрининг аниқлик киритишича, Курск вилоятидаги Марино посёлкаси аҳолиси Storm Shadow ракетаси парчаларини аниқлаган. Storm Shadow’нинг тахминий вайроналари фотосуратлари, хусусан, Россия уруши тарафдори бўлган “Два майора” Telegram каналида чоп этилди.
20 ноябрь куни тушдан кейин Курск вилояти губернатори Алексей Смирнов ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг иккита ракетасини уриб туширганини маълум қилган. У ракеталар турига аниқлик киритмаган.
“Два майора” Telegram канали Украина армияси Курск вилояти йўналиши бўйича 12 тагача Storm Shadow ракеталарини учирганини даъво қилган.
Тhе Times’га кўра, Буюк Британия ҳукуматидаги юқори мартабали манбалар Россияга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига оид АҚШ чекловлари олиб ташланганига “ишора қилган”.
Байден АҚШ қуроллари билан Россия ҳудудига зарбалар беришга рухсат этди
19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Бош штаби Брянск вилоятидаги қурол-яроғ омборига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ “РБК-Украина” нашри Украина армиясидаги манбага таяниб, ҳужум Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида амалга оширилганини маълум қилган.
Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, Украина армияси Россиядаги нишонларга қарата биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллаган. Кўп ўтмай, Россия Мудофаа вазирлиги мазкур маълумотларни тасдиқлаган.
17 ноябрь куни Жо Байден маъмурияти Украинага Россиядаги нишонларга қарата ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат берган эди. Байденнинг қарори АҚШ сиёсатидаги туб ўзгариш бўлиб, у қайта сайланган Дональд Трампнинг инаугурациясидан икки ой олдин қабул қилинди.
“Украинага ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат бериш Россиянинг Шимолий Корея қўшинларини жангга юбориш ҳақидаги кутилмаган қарорига жавоб бўлди”, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)