Президент раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани учун жорий йилда 5,5 триллион сўмлик микромолия ва факторинг хизматлари кўрсатилди. Эндиликда ҳар бир давлат банки ўзининг микромолия ва факторинг компаниясини очиб, унга хорижий инвесторларни жалб қилишни режалаштирмоқда.
Бунда банклар ресурсларни қарзга эмас, инвестиция сифатида олиб келмоқчи. Келгуси йилда микромолия ва факторинг компаниялари орқали 10 триллион сўмлик хизматлар кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.
Президент банкларни ўйлантираётган қатор масалалар борлигини таъкидлаб, уларнинг ечимига қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Банклар улардан тезроқ қутилса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлади.
Шу боис, банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди. Шунингдек, банклар бу мулкларни даромадли бизнесга айлантириб, тайёр ҳолда инвесторга сотадиган тизим яратилади.
Кредит қарзи ҳисобидан гаровни суд орқали ундириш жараёнининг тезкорлигини ошириш долзарб масала бўлиб турибди. Банк ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, ундирувга қаратилган мулкларни тезроқ сотиш, суд орқали ундирув муддати, ортиқча келишув ҳужжатлари ва суд харажатларини кескин қисқартириш, гаров билан таъминланган қарзларни судгача ундириш амалиётини кенг қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Ушбу таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш муҳимлиги таъкидланди. Мажбурий ундирувга қаратилган мулклар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу жараённи такомиллаштириш мақсадида манфаатдор томонлар ўртасида онлайн ахборот алмашишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллалар даражасида ҳокимлар банклар билан ҳамкорликда ишлаши зарурлиги қайд этилди. Улар маҳаллаларда 4 та тажрибани кенгайтириб, одамлар даромадини ошириш бўйича биргаликда ишлайдиган тизим бўлади.
Бунда туман банклари мижозбай ишлаб, тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этади, туман ҳокимлари эса лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади. Туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.
Умуман, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият бутун дунёда миллий иқтисодиётларга таъсирини ўтказаётгани қайд этилди. Бундай шароитда мамлакатимиз молия-банк тизимининг барча даражаларида молиявий интизом ва шахсий масъулиятни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)