Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаровни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Садир Жапаров 1968 йилда туғилган бўлиб, бу йил 56 ёшни қарши олди. Шавкат Мирзиёев Қирғизистон етакчисига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ҳамда мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда катта муваффақиятлар, қардош қирғиз халқига эса фаровонлик ва равнақ тилади.
Хабарда айтилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари икки томонлама савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик ривожланиб бораётганини қайд этди. Энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги айтилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари, шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар ва бўлажак қўшма тадбирлар режасини муҳокама қилди.
Изоҳ (0)