Шавкат Мирзиёев Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов номзодини Сенатга тақдим этди.
Марказий банк раиси лавозимида 2017 йилдан буён Мамаризо Нурмуродов ишлаб келаётганди. Сенат кенгаши президент тақдимномасига мувофиқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тимур Ишметов ҳақида
Тимур Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2005 йилда Бирмингем университетининг International Моней анд Банкинг йўналишида магистратура босқичини, 2007 йилда Тошкент юридик университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Марказий банк иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. 2017 йил апрелигача турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Жумладан, турли вақтларда Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар ва Валюта бошқаруви ва назорати департаментига раҳбарлик қилди.
2017—2019 йилларда Марказий банк раиси биринчи ўринбосари, 2019—2020 йилларда молия вазири биринчи ўринбосари, 2020—2022 йилларда молия вазири каби вазифаларда фаолият олиб борган. 2022 йилнинг декабридан буён президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Марказий банки раиси — бошқарув раиси Марказий банк бошқаруви фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади. Марказий банк ижро аппарати, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати, Юридик департаменти ҳамда Кредит қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга кўра, Марказий банк Сенатга ҳисобдордир. Сенат президент тақдимига кўра Марказий банк бошқарувининг раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади.
Изоҳ (0)