ЎФА анжуманлар залида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот Конгресси ва 2024 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бугун, 14 декабрь куни ўтказилди.
Дастлаб ташкилотнинг 2024 йилги фаолияти, қилинган ишлар ҳисоботи, келгуси йил режалари тингланди. Конгрессда иштирок этган ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг футболдаги раҳбарлик лавозимини давом эттириши маълум бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхшиларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унга кўра, Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. Темур Кападзе эса журналистлар томонидан берилган овозга кўра, энг яхши мураббий бўлди.
ЎФАнинг 2024 йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросимида барча йўналишларда ғолибликни қўлга киритганлар:
“Футболимиз нуронийси” — Юрий Саркисян
Футболимиз фахрийси, мураббий сифатида 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 9 карра кумуш медали соҳиби, 2 карра Ўзбекистон кубоги ғолиби, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси афсонаси, айни кунларда муборак 77 ёшни қарши олган Юрий Саркисянга “Футболимиз нуронийси” соврини топширилди.
“Фидойилик рамзи”
58 йил давомида Бухоро вилояти болалар ва ўсмирлар футболида жонкуярлик билан ишлаб, минглаб ёш футболчиларни тарбиялаган, клублар ва терма жамоаларга истеъдодларни етиштириб чиқарган фахрий — Иброҳим Шариповга “Фидойилик рамзи” соврини топширилди.
“Йилнинг энг яхши ҳаками”
Ўтган мавсум давомида бир нечта халқаро ўйинларга тайинлов олган, хусусан, Парижда ўтган Олимпиаданинг 4 та учрашувида фаолият олиб борган, ОЧЛ финал учрашувида ишлаган Илгиз Танташев — “Йилнинг энг яхши ҳаками” сифатида эътироф этилди.
“Йилнинг энг яхши аёл ҳаками”
Бу йил бир нечта халқаро ўйинларда фаолият олиб борган ва Ўзбекистон кубоги финал учрашувини юқори савияда ўтказган рефери Гулшода Саидқуловага — “Йилнинг энг яхши аёл ҳаками” соврини топширилди.
Жорий йилда футболни ривожлантириш ва қатор нуфузли мусобақаларни ўтказишдаги кўрсатган кўмаги ва қўллаб-қувватлагани учун ҳамкор ташкилотларга “Самарали ҳамкорлик рамзи” соврини топширилди.
Жорий йилда турли терма жамоаларимиз фаолияти ва футбол мусобақаларини ёритишда фаоллик кўрсатгани учун бир қатор ОАВ вакиллари тақдирланди.
FIFA Футзал Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишдаги ҳиссаси учун мезбон шаҳарлар — Тошкент, Бухоро ва Андижон ассоциациялари эътироф этилди.
“Болалар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи”
ЎФА биринчилиги мусобақалари икки карра ғолиби, ўсмирлар терма жамоасига 8 нафар футболчи етказиб берган Пахтакор академияси мураббийи Бобур Абдураҳмоновга — “Болалар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи” соврини топширилди.
“Йилнинг энг яхши ёш футболчиси”
Бир неча йиллардан буён ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз дарвозасини мустаҳкам ҳимоя қилиб келаётган, жорий йилда Сўғдиёна жамоасида ҳам ишончли ўйинлар кўрсатган ёш посбонимиз Муҳаммадюсуф Собиров — “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” деб топилди.
“Йилнинг энг яхши футзал мураббийи”
Жорий мавсумда жамоаси билан биргаликда Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғолибликни қўлга киритган Нодир Элибоев — “Йилнинг энг яхши футзал мураббийи” деб топилди.
“Йилнинг энг яхши футзалчиси”
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси етакчиси Ҳусниддин Нишонов — “Йилнинг энг яхши футзалчиси” деб топилди.
“Йилнинг энг яхши аёл футболчиси”
Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси етакчиси Диёра Ҳабибуллаева — “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” деб топилди.
Темур Кападзе – 2024 йилнинг энг яхши мураббийи
Илк маротаба Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиб, жамоаси билан биргаликда тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе — “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилди. У совринни МОҚ биринчи вице-президенти Отабек Умаров қўлидан қабул қилиб олди.
Аббосбек Файзуллаев – 2024 йилнинг энг яхши футболчиси
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда ЦСКА клуби яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев кетма-кет иккинчи марта мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Маросимга етиб келган 21 ёшли футболчи совринни ЎФА президенти Абдусалом Азизовнинг қўлидан қабул қилиб олди.
Журналистлар ўртасида ўтказилган сўровнома якунига кўра, Файзуллаев совринга номзод бўлган Абдуқодир Ҳусанов ва Ўткир Юсуповни ортда қолдирди ва кетма-кет иккинчи йил Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Тадбир якунида ЎФА президенти Абдусалом Азизов 2024 йилда футболда эришилган ютуқларни эътироф этиб, 2025 йилда ҳам кўзланган мақсадларга етиш йўлида барчага омад тилаб, Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритишини тилади.
“Дарё” ушбу тадбирдан фотосуратларни тақдим этади.
Изоҳ (0)