Қозоғистоннинг “Жетису” футбол клуби директори Калмухамет Донсебаев давлат маблағларини ўзлаштиришда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Антикоррупция хизмати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Манбага кўра, Донсебаев давлат бюджетидан ажратилган 31,9 миллион тенге (салкам 64 минг доллар) маблағни талон-торож қилгани аниқланган. Ушбу маблағ футболчиларнинг овқатланиши ва ўқув-машғулот йиғинлари учун ажратилгани айтилмоқда.
Директор оғир касаллиги ва етказилган зарарни тўлиқ қоплагани боис 7 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, унга давлат хизматида ва давлат секторида ишлаш умрбод таъқиқланган.
Донсебаев 2024 йил июнь ойида ҳибсга олинган эди. Дастлаб Антикоррупция хизмати унга 85,4 миллион тенге маблағни ўзлаштириш бўйича айблов қўйган ва маблағларни ишончли шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказгани гумон қилинган эди.
Маълумот учун Донсебаев 1995 йилдан “Жетису” авиакомпаниясига раҳбарлик қилган, 2022 йил январь ойида эса “Жетису” футбол клуби директори лавозимига тайинланган.
Изоҳ (0)