Покистон полицияси молиявий фирибгарликда гумон қилиб, Файсалобод шаҳридаги рейдда 149 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда мамлакат миллий кибержиноятларни тергов қилиш агентлигига таяниб BBC хабар берди.

Агентлик Файсалобод шаҳрида фаолият юритаётган ноқонуний марказ ҳақида маълумот олган, сўнгра ҳудудда рейд ўтказган. Марказ молиялаштириш схемалари билан шуғуллангани маълум бўлган. У алдов йўли билан одамлардан катта миқдорда пул олиб, маблағлар сохта инвестициялар номига ўтказилганини айтган.
Қўлга олинганлар орасида 78 нафар покистонлик, 48 нафар хитойлик, 8 нафар нигериялик, 4 нафар филиппинлик, 2 нафар шри-ланкалик, 6 нафар бангладешлик, 2 нафар мянмалик ва бир нафар зимбабвелик бор. Уларнинг 18 нафари аёл бўлган.
Полиция ҳисоботида айтилишича, жабрланувчилар дастлаб ўзларининг биринчи сармояларидан оз миқдорда даромад олади, кейин эса каттароқ миқдорда пул йўқотади.
“Айбланувчилар WhatsApp’да гуруҳ очган. Улар оддий одамларни турли TikTok ва YouTube каналларига обуна қилдириб, дастлаб озроқ даромад билан таъминлаган. Кейинчалик уларга Telegram’да кўпроқ сармоя талаб қиладиган онлайн вазифалар берилган. У ерда одамлар сохта инвестициялар номига пул ўтказган”, дейилади баёнотда.
Қурбонлардан бири покистонлик Муҳаммад Сажид BBC’га интервью берган. Унда Сажид ўн минглаб аъзолари бўлган Telegram каналига қўшилганини ва компания ишидан ҳайратда қолганини айтган. Сажид фирибгарларга турли муддатларда 3,138 миллион рупийдан ( 36,6 минг доллар ) кўпроқ пул берган.
8 июль куни бўлиб ўтган рейд давомида расмийлар юзлаб компьютер, сервер, криптовалюта биржалари ва хорижий SIM-карталарни мусодара қилган. Ушбу рейд Файсалобод электр тармоғининг собиқ раҳбари Малик Теҳсин Аваннинг қароргоҳида бўлиб ўтган, у ҳибсга олинмаган.
Изоҳ (0)