Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху фаластинликлар билан тинчлик ўрнатилишини истаётганини айтди. Бироқ у икки давлат тузиш имкониятини рад этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Вазир минтақадаги умумий хавфсизлик Исроил назорати остида бўлишини айтган. Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп Нетаньяху билан учрашув ўтказган. Унда яҳудий бош вазири Фаластин давлати тузилишини ҲАМАСнинг ҳужумларига қиёслаган. Трампдан журналистлар икки давлат тузилиши эҳтимоллиги ҳақида сўраганда, у “билмайман”, деб жавоб берган.
“Менимча, фаластинликлар ўзини ўзи бошқариш учун барча ҳуқуққа эга бўлиши керак. Аммо бизга таҳдид қиладиган кучлардан ҳеч бири бунга эриша олмайди. Бу суверен ҳокимият ва умумий хавфсизлик доимо бизнинг қўлимизда қолишини англатади.
7 октябрдан кейин одамлар фаластинликларнинг Ғазода давлати борлигини, яъни ҲАМАС давлати борлигини таъкидлаганди. Улар давлат қурмаган. Аксинча, улар бункер, даҳшатли туннел ва ҳоказолар бунёд этган. Шундан сўнг халқимизга қирғин бошланган. Аёлларимиз зўрланган, эркакларнинг бошларини кесилган. Шаҳар ва киббутзимларимизга бостириб кирилиб, Иккинчи жаҳон урушидан бери биз кўрмаган даҳшатли қирғинлар амалга оширилган. Шунинг учун бошқа давлат тузиш таклифи рад этилмоқда. Чунки у Исроилни йўқ қилувчи платформа бўларди”, деган Нетаньяху.
Яҳудий бош вазири Исроилни йўқ қилишни истамайдиган фаластинликлар билан тинчлик ўрнатилишини маълум қилган.
“Бизни йўқ қилишни истамайдиган фаластинлик қўшниларимиз билан тинчлик ўрнатамиз. Суверен хавфсизлик қудрати доимо қўлимизда қолади”, деб қўшимча қилган Нетаньяху.
Фаластинликлар узоқ вақтдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳил, Ғазо ва Шарқий Қуддусда АҚШ воситачилигида мустақил давлат тузишга интилган. Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси ўтган ҳафтада Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилни мамлакатга қўшиб олишга чақирганди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса фаластинликлардан Ғазо секторини тарк этишни сўраган.
Шу билан бирга, Нетаньяху Ғазодаги фаластинликлар минтақада қолиш ёки кетишни танлаш ҳуқуқига эга бўлишини таъкидлаган.
“Агар улар Ғазода қолишни истасалар, қолсин. Аммо кетишни истаса, бундай имкониятга эга бўлишлари лозим. Ғазо қамоқхона бўлмаслиги керак. Одамларга эркин танлов ҳуқуқини берамиз”, деган у.
Изоҳ (0)