Арманистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш жараёнини бошлашни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
Ҳа, Арманистон ШҲТга аъзо бўлиш учун мурожаат қилди. Бу бизнинг мувозанатни сақлаш ва мувозанатли ташқи сиёсат юритиш кун тартибимизга мос келади. Биз ишлашда давом этамиз. Айтганча, биз бу ташкилотда кузатувчи мақомига эгамиз. Бошқача айтганда, бу биз нолдан бошлаб, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда тўсатдан ташкилотга аъзо бўлишга қарор қилмаяпмиз.
Бундан ташқари, бу ташкилотда юз бераётган муҳим ва таркибий ўзгаришлар билан ҳам боғлиқ, чунки кузатувчи ёки ассоциациялашган аъзо мақомини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда, деди Никол Пашинян.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги июль ойида бошида ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирган эди.
Арманистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий тамойилларига, яъни ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик ва чегараларнинг дахлсизлигига қўшилган ҳолда, ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирди, деган эди вазирлик.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган. Ташкилотга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Беларусь (2024 йилдан бошлаб) аъзо. ШҲТ кузатувчилари Афғонистон ва Мўғулистон ҳисобланади. ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари эса Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка давлатларидир.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши 2025 йил 31 август — 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)