Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Сурия армиясининг асосан друзлар истиқомат қилувчи Сувайда шаҳрига кирган контингентини нишонга олди) Бу ҳақда BBC хабар берди.

Друзлар ва бадавий қабилалари ўртасидаги жанглар бошланган 13 июль кунидан бери камида 200 киши ҳалок бўлган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Сувайда ҳудудидаги кучларни нишонга олишга буйруқ берганини тасдиқлади.
Сурия эса Исроилнинг бу ҳаракатини қоралаб, зарбалар қуролли кучлар аъзолари ва тинч аҳолининг ўлимига олиб келганини билдирган. Мамлакат қўшинлари Сувайдага Башар Асад режими 2024 йил декабрда ағдариб ташланганидан бери илк бор киритилмоқда.
Друзлар Сурия муваққат президенти Аҳмад Аш-Шараъа ҳукуматини ҳимоя қилишга ваъда берганига қарамай, уларда янги маъмуриятга нисбатан ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Шу пайтгача Сувайда вилояти друз ҳарбий кучлари назорати остида бўлган. Друзлар Сурия хавфсизлик кучларига қўшилишга монелик кўрсатган.
Нетаньяху Суриядаги друзларга зарар етказилишининг олдини олишга ваъда берган. Сабаби уларнинг Исроил томонидан босиб олинган Голан тепаликларида яшовчи миллатдошлари билан қалин алоқалари мавжуд.
Сурия ташқи ишлар вазирлигининг 15 июль кунги баёнотида айтилишича, Исроил Сурия жанубига қилинган сўнгги ҳужумлар ва уларнинг оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган. Яҳудий давлати мудофаа вазири Кацнинг билдиришича, Исроил самолётларининг Сурия танкларига ҳужуми Сувайда ҳудудидаги друзларга қилинган таҳдидга жавобан амалга оширилган.
Сурия ҳукумати эса баёнот чиқариб, мамлакат ўзининг барча фуқароларини, “биринчи навбатда друзлар жамоасидаги биродарларини” ҳимоя қилишга содиқлиги тасдиқланган.
Сурия бугун ҳаво ҳужумлари ёрдамида амалга оширилган Исроилнинг хоинона тажовузини қоралайди, дейилади Сурия ТИВ баёнотида.
Axios нашрининг таъкидлашича, Дональд Трамп маъмурияти Исроилдан Сурия ҳарбий кучларига зарба беришни тўхтатишни сўраган. Сурия мудофаа вазири эса 15 июль куни Сувайдада ўт очиш тўхтатилиши ҳақида эълон қилган.
Сувайда шаҳрида яшовчилардан бирининг айтишича, ҳудуддаги вазият ҳалокатли бўлиб, отишмалар сабаб одамлар қишлоқ томон қочишга мажбур бўлган. Буларнинг бари Сурия ҳукумати комендантлик соати эълон қилган пайта рўй бермоқда.
Изоҳ (0)