Буюк Британиянинг энг йирик BAE Systems мудофаа компанияси тўртинчи авлод Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Мазкур қарорга сабаб сифатида янги буюртмачиларнинг йўқлиги кўрсатилмоқда. Ҳозирда компаниянинг Уортондаги заводи 2017 йилда тузилган 5 миллиард фунт стерлинглик (тахминан 260 миллион доллар) шартнома асосида Қатарга сўнгги самолётни етказиб беришга тайёргарлик кўрмоқда.
Завод ангарида ҳозирда атиги битта қирувчи самолёт қолган. У тўлиқ жиҳозланиш ва бўялишни кутмоқда. Асосий йиғиш линияси эса тўхтатилган — у ерда ишчилар қолмаган, дейди Unite касаба уюшмаси вакили.
Буюк Британия ҳукумати 2009 йилдан бери янги Eurofighter Typhoon самолётларига буюртма бермаган. Бунинг ўрнига у АҚШнинг F-35 қирувчиларини харид қилишга қарор қилган. Саудия Арабистони, Қатар ва Туркия билан янги экспорт шартномалари эса ҳали имзоланмаган.
Яқин келажакда буюртмаларнинг йўқлиги BAE Systems учун Буюк Британиянинг Глобал жанговар авиация дастури (GCAP) доирасида янги авлод қирувчи самолётларини яратиш имкониятларига путур етказиши мумкин. Бу борада парламент аъзолари хавотир билдирмоқда.
Биз жаҳон даражасидаги ҳарбий самолётларни мустақил равишда лойиҳалаш, йиғиш ва етказиб бериш бўйича муҳим миллий салоҳиятни йўқотиш хавфи остидамиз, деди консерватив депутат Эндрю Сноуден.
Мен вазирларга бир неча бор айтдим: агар биз ўз қирувчиларимизни йиғишни тўхтацак, иш ўринлари, малакалар ва миллий хавфсизлик жиддий таҳдид остида қолади, дея таъкидлади Unite касаба уюшмасининг бош котиби Шерон Грем.
Eurofighter Typhoon — бу BAE Systems, Airbus ва Леонардо компанияларидан иборат Европа консорсиуми томонидан ишлаб чиқилган қирувчи самолёт. Ҳар бир компания самолётнинг айрим қисмларини ишлаб чиқаради ҳамда ўз заводларида якуний йиғишни амалга оширади. Ҳозирда BAE Systemс Салсберидаги заводда бошқа давлатлар учун буюртма асосида олд фюзеляжларни ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда.
Буюк Британия ўзидаги мавжуд Typhoon самолётларини, жумладан янги радарлар билан модернизация қилишга ваъда берган бўлса-да, консорсиумнинг энг сўнгги моделига ҳали буюртма бермаган.
Мудофаа вазири Жон Хили ўтган ҳафта ушбу мавзудаги саволларга аниқ жавоб бермаган. Бироқ, у мазкур қирувчиларнинг муҳимлигини тасдиқлаган ва улар “ҳеч бўлмаганда 2040 йилларгача” Буюк Британия осмонини ҳимоя қилишда асосий рол ўйнашда давом этишини айтган.
Изоҳ (0)