Ижтимоий тармоқларда Хатирчи тумани ҳокимининг хорижда яшовчи Бухоро яҳудийларини кутиб олгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан изоҳ берилди.

Унга кўра, бу каби ташрифлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги очиқлиги, диний ва миллий бағрикенглик борасидаги ютуқлари эътироф этилаётганининг ёрқин далили.
“Маълумки, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, умуммиллий ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни ҳурмат қилиш сиёсати изчил давом эттирилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинчлик ва аҳил-иноқликда ҳаёт кечирмоқда. 16 та расмий диний конфессия, жумладан яҳудий жамоалари ҳам қонун асосида эркин фаолият олиб бормоқда.
Шу қаторда яҳудийлар учун синагогалар фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, иккала давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган, элчихоналар фаолият юритмоқда, Тошкент—Тель-Авив—Тошкент йўналишида авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиш керакки, Хатирчи туманига ташриф буюрган хорижлик яҳудийлар, тўғрироғи азалий ватандошларимиз — Бухоро яҳудийлари – қачонлардир ўзлари, ота-боболари яшаб ўтган диёрнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш, аждодлар қадамжоларини зиёрат қилиш, Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида келишган. Туман ҳокимининг ушбу меҳмонларни кутиб олгани халқимизга хос меҳмондўстлик ва бағрикенгликнинг яққол ифодасидир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу каби ташрифлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги очиқлиги, диний ва миллий бағрикенглик борасидаги ютуқлари эътироф этилаётганининг ёрқин далили, инсоний тамойилларга асосланган ёндашувдир.
Миллатлараро тотувлик ва умуммиллий ҳамжиҳатлик – бу халқимизнинг бебаҳо бойлиги ва барқарор тараққиётнинг кафолатидир. Уни асраш, мустаҳкамлаш – ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Шу ўринда, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, журналист ва блогерлардан бу каби ҳолатларни ишончли маълумотларга таянган ҳолда эълон қилишларини ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини чалғитувчи маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)