БААдаги турли аэропортлар орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган хорижликларнинг, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларининг текширувлари чўзилиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов бу ҳолат алоҳида мониторинг қилиб борилаётганини билдирди.

“Айни пайтда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг Абу-Даби шаҳридаги элчихонаси ҳамда Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси БААнинг тегишли ташкилотлари билан ушбу масалада зудлик билан музокаралар ўтказди ва вазиятни яхшилаш бўйича доимий алоқада бўлиб турмоқда”, дейди ТИВ вакили.
БАА томони маълумотларига кўра, мамлакатда турли халқаро тадбирлар муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли аэропортларда текширув вақтлари чўзилиб кетмоқда.
Аҳрор Бурхоновнинг билдиришича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини тезлик билан текширувдан ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган ва натижада улар мамлакат ҳудудига кириб келишни бошлаган.
5 июнь куни БААда футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши 3-босқичи доирасида ушбу мамлакат жамоаси билан ўйнайди. Шу мақсадда аксарият ўзбекистонликлар мухлислик қилиш учун БААга йўл олганди.
Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси турфирмалар ва тадбиркорларга 5 июнь куни БААга турист юбормаслик чораларини кўришни тавсия этганди. Ўзбекистонлик мухлисларнинг ўйингоҳга сиғмаслик эҳтимоли юқори эканлиги, бу эса хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши, талабларининг бузилишига олиб келиши ҳақида маълумот берилган. БАА аэропортларида хавфсизлик идоралари томонидан фуқароларни қайтариб юборишга асос сифатида тахмин қилинаётганини инобатга олиб, БААга турпакетлар орқали туристларни юбормаслик чораларини кўриш тавсия этилганди.
Изоҳ (0)