Қурбон ҳайити куни Тошкент метроси вақтинча бепул хизмат кўрсатади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, байрам куни йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида метрополитен одатдагидан икки соат олдин, яъни тонгги соат 03:00 дан иш фаолиятини бошлайди. 6 июнда барча йўловчилар учун Тошкент метрополитени соат 03:00 дан 10:00 га қадар йўловчиларга бепул хизмат кўрсатади.
Метрода 7 июнь куни поездлар ҳаракати шанба куни учун белгиланган жадвал бўйича, 8 июнда эса якшанба куни учун тасдиқланган жадвал асосида соат 05:00 дан хизмат кўрсатилади.
6 июнь куни автобус йўналишлари ҳам соат 03:00 дан ўз ҳаракатини бошлайди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳридаги жоме масжидларида Қурбон ҳайити намози эрталаб соат 05:10 да ўқилади. Қурбон ҳайити намози ўқиладиган масжид атрофидаги кўчалар ва йўлларда автотранспорт воситаларининг ҳаракати соат 00:00 дан 08:00 гача тўхтатилади.
Изоҳ (0)