Исроил армияси 6 августдан буён Ғазо шаҳрига уюштирган кенг миқёсдаги ҳужумлари давомида “Зайтун” ва “Сабра” маҳаллаларида 1000 дан ортиқ бинони бутунлай вайрон қилди. Бу ҳақда Фаластин фуқаро мудофааси хизматига таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Уузлуксиз бомбардимонлар ва йўлларнинг тўсиб қўйилгани қутқарув ҳамда ёрдам ишларини имконсиз қилиб қўйган. Юзлаб бедарак йўқолганлар ҳақида мурожаатлар бўлган, аммо кўмак кўрсатишнинг имкони йўқ. Шифохоналар эса беморлар оқимига бардош бера олмаяпти.
“Хавфсиз жой қолмади. Исроил шимолий ҳамда жанубий ҳудудларда уйлар, бошпаналар ва ҳатто қочқинлар лагерларини ҳам нишонга олмоқда”, дейилади мудофаа хабарида.
Исроилнинг Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш ҳаракати оқибатида қарийб 1 миллион фаластинлик жанубга кўчишга мажбур бўлган. Фуқаро мудофааси бу ҳолат шаҳарни тўлиқ вайрон қилиш истагидан далолат беришини билдирмоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сектордаги очарчилик оқибатида вафот этганлар сони 289 нафарга етган, улар орасида 115 нафар бола бор. БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни Ғазода геноцид содир этаётганликда айбламоқда. Ташкилот расмийси Филипп Лазарини эса Ғазодаги вазиятни “дўзах” деб атаб, халқаро ёрдамга рухсат берилишини талаб қилмоқда.
Ғазо Ички ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғазо шаҳри ва шимолий ҳудудлар аҳолисини мажбуран кўчириб юбориш режаси ҳақида огоҳлантирди ҳамда оғир бомбардимонларга қарамай одамларни уйларини тарк этмасликка чақирди.
“Ғазонинг бирорта ҳам туманида хавфсиз жой йўқ, босқинчилар ҳар куни даҳшатли жиноятларни содир этмоқда, ҳатто норасмий “инсонпарварлик ҳудуди” ёки “хавфсиз жой” деб эълон қилинган жойларда ҳам кўчирилган одамларнинг чодирларини бомбардимон қилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот ўрнида, Исроил армияси 25 август куни Ғазодаги Носир шифохонасига авиазарба берган. Ҳужум оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шифохонага жами иккита авиазарба йўлланган. Иккинчиси қутқарувчилар, журналистлар ва бошқа одамлар дастлабки ҳужум жойига етиб келганидан сўнг амалга оширилган.
Изоҳ (0)