Opta статистик портали суперкомпьютер орқали 2025/26 йилги мавсум Испания Ла Лигасида қайси жамоа ғолиб бўлиши мумкинлиги бўйича ўз тахминларини эълон қилди.

Унга кўра, “Барселона” чемпионлик учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Каталонияликларнинг турнирда ғолиб бўлиш имконияти 46,5 фоизга баҳоланган. “Кўк-анорранглилар” янги мавсумни амалдаги чемпион сифатида бошлайди. Каталонияликлар ўтган йил Ла Лига, Испания Кубоги ҳамда Испания Суперкубогида ғалаба қозониб, требл қайд этган. Ҳанси Флик учун дебют мавсум ажойиб ўтди. Мутахассислар германиялик мураббий янги мавсумда ҳам “Барселона” билан Ла Лигада ғалаба қозонишини тахмин қилмоқда.
Мадриднинг “Реал” клуби 32,1 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаган. Мадридликлар Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб борди, аммо улар “Пари Сен-Жермен”га йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, турнир билан хайрлашди. Бироқ “Байер”нинг собиқ бош мураббийи бу натижани янги даврнинг бошланиши эмас, балки олдинги бобнинг якуни сифатида баҳолади. Бироқ мутахассислар Хаби Алонсо Ла Лигадаги дебют мавсумидаёқ чемпионликни қўлга кирита олмаслигини тахмин қилмоқда.
Мадриднинг бошқа жамоаси — “Атлетико” эса 11,7 фоиз имконият билан учинчи ўринда қайд этилган. “Матрасчилар” ўтган мавсум Испания чемпионатида бронза медалларини қўлга киритди. Диэго Симеоне қўл остидаги жамоа ёзда таркибини янада кучайтирди. Шунга қарамай, “Атлетико”нинг чемпионлик имкониятлари паст баҳоланган.
2025/26 йил Испания Ла Лигасида ғалаба қозониш имконияти юқори бўлган 10 жамоа:
- “Барселона” — 46,5%
- “Реал” Мадрид — 32,1%
- “Атлетико” Мадрид — 11,7%
- “Вильярреал” — 3,7%
- “Атлетик” Бильбао — 2,9%
- “Бетис” — 0,9%
- “Осасуна” — 0,5%
- “Сельта” — 0,4%
- “Реал Сосьедад” — 0,4%
- “Валенсия” — 0,2%

Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсум “Барселона” 88 очко билан Испания чемпиони бўлган эди. “Реал” эса 84 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган.
Изоҳ (0)