Қашқадарё вилоятида жойлашган кимё саноатининг энг йирик активларидан бири Деҳқонобод калий заводи ёпиқ тарзда хусусийлаштирилгани айтилмоқда. Президент қарорида эса корхонани оммавий савдога чиқариш буюрилган.

Деҳқонобод калий заводи 8 август куни эълон қилинган комбинат акциядорларининг қарорига асосан очиқ аукционсиз хусусийлаштирилди. Бу масалага Telegram’даги “KorpInfo” канали муаллифи эътибор қаратган.
Акциядорлар Asian Chemical Group МЧЖ заводнинг ягона эгасига айлангани қайд этилган. Қизиқ томони мазкур МЧЖ бундан 9 ой илгари — 2024 йил ноябрда очилган ва бор-йўғи 10 миллион сўмлик устав капиталига эга. Компания таъсисчиси OV Industrial Investments L.L.C-FZ бўлиб, раҳбари Валиуллин Илгиз Азатович.
Деҳқонобод калий заводи капитали эса 2,7 триллион сўмлиги кўрсатилган. Завод 2007 йилда 128,2 миллион долларга, кредитлар эвазига қурилган. Қарзнинг 61,7 миллион долларини Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 41,7 миллион долларини Хитой Эксимбанк берган. 24,8 миллион доллар кредит Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилган. Заводнинг 2024 йилдаги соф фойдаси 44,8 миллиард сўмни (3,5 миллион доллар атрофида) ташкил этган.
Йирик завод неча пулга, қайси шартлар асосида хусусий қўлларга ўтказилгани жамоатчиликка маълум эмас. Аслида президентнинг 2024 йил 26 апрелдаги қарорида Деҳқонобод калий заводини халқаро бозорда очиқ савдо орқали хусусийлаштириш белгиланган.
“Давактив агентлиги кимё саноати корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилиш дастурига мувофиқ Деҳқонобод калий заводи АЖ устав капиталидаги давлат акциялар пакетини 2024 йил якунига қадар хусусийлаштириш жараёнини якунласин”, дейилган қарорда.
Амалда эса завод на белгиланган вақтида сотилган, на очиқ бозорда хусусийлаштирилган. Ҳозирча Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур масала юзасидан расмий ахборот бермади.
Деҳқонобод калий заводи Ўзбекистонда очиқ ва шаффоф савдоларсиз сотилаётган биринчи йирик давлат активи эмас. Бундан аввал ҳам қатор активлар яширин тарзда хусусийлаштирилгани айтиб келинади. Масалан, “Қизилқумцемент” , UNG Petro заправкалар тармоғи, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи , Ангрен шина заводи, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва бошқалар.
Изоҳ (0)