Тошкент вилояти ҳокимлиги Sea Breeze курорт мажмуаси қурилишига доир расмий баёнот билан чиқди. Унда ҳудуд аҳолисига очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги лойиҳа доирасида тегишли мажбуриятларни ўз зиммасига олиши билдирилди.

Баёнотда қайд этилишича, Бўстонлиқ тумани Ўзбекистондаги энг салоҳиятли туризм ҳудудларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. 2024 йилда туманга 12 миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг қарийб 300 минг нафари хорижликдир. Бу кўрсаткич ҳудуднинг бугунги кундаги қабул қилиш имкониятидан 4 баробар юқори.
“Сайёҳлар оқими ўсиб бораётгани, мавжуд меҳмонхона ва дам олиш масканлари етарли эмаслиги эса қатор ноқулайликларга сабаб бўлмоқда”, дейилади баёнотда.
Ҳокимлик ахборотига кўра, ўтган йили Бўстонлиқда туризм экспорти 325 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Жорий йилнинг июль ойига қадар Бўстонлиққа 230 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туризмни ривожлантириш орқали даромадларни ошириш Тошкент вилоятининг ўсиш нуқталаридан биридир.
Шу муносабат билан, Sea Breeze курорт мажмуаси лойиҳаси доирасида Чорвоқ сув омбори бўйида 577 гектар ер майдони ва унга туташ 3 минг гектарлик ҳудудда кенг қамровли ишлар режалаштирилган. Дам олиш масканлари, чўмилиш ҳавзалари, спорт майдончалари, савдо ва сервис марказлари шулар жумласидан. Шунингдек, халқаро фестиваллар, концертлар ва анжуманлар ўтказишга хизмат қилувчи майдонлар ҳамда икки қирғоқни боғловчи кўприк қурилади.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши, туризм экспорти 500 миллион АҚШ долларга етиши, чет эллик сайёҳлар оқими эса йилига 5 миллион нафаргача кўпайиши кутилмоқда.
“Алоҳида таъкидлаш жоиз-ки, ҳудуд аҳолисига очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги лойиҳа доирасида тегишли мажбуриятларни ўз зиммасига олади”, дейилади баёнотда.
Хусусан:
- лойиҳа амалга оширилишининг барча босқичлари экология, қурилиш, кадастр ва санитария соҳалари бўйича вилоят тузилмалари томонидан тизимли назоратга олиниши таъминланади.
- ер участкаларини ажратиш, ижарага бериш ва қайта расмийлаштириш бўйича барча жараёнлар тасдиқланган мастер-режа асосида, экологик талаблар инобатга олинган ҳолда ва очиқ мониторинг шароитида амалга оширилиши назорат қилинади.
- Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган тартибда ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқароларга компенсациялар тўланади.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги мазкур ҳудудда қонунбузарлик, табиатга зарар етказиш ёки жамият манфаатларига зид бўлган ҳар қандай уринишларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирди.
1 август куни Вазирлар Маҳкамасининг “Sea Breeze Uzbekistan умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан энг яхши таклиф сифатида танлаб олинган Озарбайжоннинг Agalarov Development МЧЖ ҳамда унинг Sea Breeze Uzbekistan МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 577 гектар майдонда қуриш режалаштирилган умуммавсумий курорт мажмуаси маъқулланди.
Ушбу мажмуанинг қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Танланган лойиҳа ҳудудни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган замонавий туризм инфратузилмасини яратишни назарда тутади. Sea Breeze Uzbekistan тасдиқланган лойиҳани амалга ошириш доирасида бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Курорт мажмуасини қуришга киришишдан олдин барча лойиҳа ечимлари ваколатли давлат органлари билан келишилиши лозим.
Лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш даврида ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларининг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслик, оқова сувларни Чирчиқ шаҳри оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш Sea Breeze Uzbekistan МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланди.
Изоҳ (0)